Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Беларусь республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Валерий Малашко бошчилигидаги делегация билан учрашди, деб ёзади ЎзА.
Дўстона руҳда ўтган мулоқотда тиббиёт соҳасида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш борасида кўплаб имкониятлар мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, тиббиёт соҳасини модернизация қилиш, бу борада инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, тиббий таълим ва кадрлар тайёрлаш ҳамда бошқарув соҳасида ахборот тизимини ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш каби йўналишларда фаол ҳамкорлик йўлга қўйилади. Шунга кўра, тиббиёт таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таълим соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Бундан ташқари, фармацевтика тармоғини ривожлантириш, санитария-эпидемиология, клиник ва профилактик тиббиёт ҳамда тиббий радиология йўналишида ҳам фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотларни ривожлантириш каби соҳаларда тажриба алмашиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, делегация аъзолари ташриф доирасида Ўзбекистоннинг қатор тиббиёт муассасалари фаолияти билан ҳам яқиндан танишмоқда.
Хабар қилинганидек, Беларусь республикаси Президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида икки мамлакат ҳукумат ва вазирликлари ўртасида қатор икки томонлама муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Ушбу ҳужжатлар қатори «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Беларусь республикаси Давлат суд экспертизаси қўмитаси ўртасида идоралараро суд-тиббий фаолият соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим» ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Беларусь республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида идоралараро соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим» ҳам имзоланди.
Изоҳ (0)