АҚШ президенти Дональд Трамп автоматик тарзда сайловга аралашадиган чет эллик шахсларга қарши санкциялар киритадиган фармонни имзолади, деб ёзади «Эхо Москви».
«Фармон муайян бир мамлакатга қаратилмаган, чунки сайлов жараёнига хавфлар турли томонлардан келади», — деди Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон.
Хабарда қайд этилишича, бунда гап биринчи навбатда Россия, шунингдек, Хитой, Эрон ва КХДР ҳақида бормоқда.
Санкциялар киритиш жараёни қуйидагича бўлади: миллий разведка директорида АҚШда ҳар қандай даражадаги сайловларга аралашганлик ҳақида маълумот йиғиш учун 45 кун вақт бор. Сўнг ушбу маълумот АҚШ адлия вазирлиги ва миллий хавфсизлик департаментига берилади. Бош прокуратура 45 кун ичида аралашув юз берганини исботловчи далиллар етарлича ёки йўқлиги ҳақида қарор қилиши керак. Бу тасдиқланса, Бош прокуратуранинг қарори автоматик тарзда санкциялар киритади, бунда аралашувга алоқадор шахсларнинг АҚШ ҳудудидаги активлари музлатиб қўйилади. Президент, давлат департаменти ёки молия вазирлиги қўшимча санкциялар киритиши мумкин.
Изоҳ (0)