Бош прокуратура Тошкент вилоятининг Янгийўл туман тиббиёт бирлашмасидаги талон-тарожликлар ҳақида маълум қилди.
Прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Янгийўл шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида туман тиббиёт бирлашмаси собиқ механиги М. бирлашма ҳисобида бўлган жами қиймати 74,4 миллион сўмлик 8 дона Damas русумли автомашинани ҳисобдан чиқарилганидан сўнг, тегишли тартибда биржа савдолари орқали сотмасдан, ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан ноқонуний сотиб юборгани аниқланди.
Шунингдек, бирлашма мансабдор шахслари томонидан давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган сметада назарда тутилмаган 420,5 миллион сўм ортиқча сарфланиб, бюджет ва смета-штат интизоми бузилгани маълум бўлди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)