Бугун, 12 сентябрь санасида Беларусь президенти Александр Лукашенко расмий ташриф билан Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда «Халқ Сўзи» хабар берди.
Александр Лукашенкони Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов кутиб олди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Беларусь президенти Александр Лукашенко 2018 йил 12—14 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Бўлажак олий даражадаги учрашув ва музокараларда икки томонлама ҳамкорликка доир кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиш, сиёсий мулоқотни, савдо-иқтисодий, инвестиция, фан ва таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган асосий йўналишларини белгилаб олиш режалаштирилган.
Олий даражадаги музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали дўстона алоқаларга янги суръат бахш этишга қаратилган салмоқли давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро келишувлар ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)