Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида Самарқанд давлат университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази мансабдор шахслари талон-тарожга йўл қўйганлари аниқланди.
2017—2018 йиллар давомида таълим жараёнига жалб қилинмаган ўқитувчилар томонидан дарс ўтилганлиги тўғрисида дарс жадвалларига сохта маълумотлар киритилган.
Ушбу маълумотлар асосида 9 нафар ўқитувчига ўтилмаган ўқув машғулотлари учун сохта буйруқлар расмийлаштириб, 9,2 миллион сўм иш ҳақи, шунингдек, марказнинг 3 нафар раҳбар ходимига асосий ва ўтиши мумкин бўлган ўқув машғулотларидан ташқари дарс соатлари учун 7,4 миллион сўм иш ҳақи ноқонуний равишда тўланиб, жами 16,7 миллион сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд давлат университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)