Наманган вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан хорижда ишлаб чиқарилган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига доир яна бир қонунбузарлик ҳолати фош қилинди, деб хабар беради Божхона қўмитаси ахборот хизмати.
Фуқаро Қ.А. бошқарувида бўлган Damas автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автотранспорт воситасига фуқаролар Қ.Қ ва М.А ларга тегишли бўлган қиймати 13 миллион сўмлик 17 турдаги аёллар кузги кийим-кечаклари ҳамда қиймати салкам 10 миллион сўмлик 2 турдаги 11 дона мобил телефонлар ортилганлиги аниқланди. Суриштирувлар давомида қонунбузарлар хорижда ишлаб чиқарилган ушбу товарларга тегишли биронта ҳам ҳужжатни божхоначиларга тақдим қила олмади.
Ҳозирда мазкур товарлар ашёвий далил сифатида вақтинча сақловга олинган ва ушбу ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)