«Тожикистон темир йўллари» компаниясига Ўзбекистон темир йўл станцияларида йўловчиларни тушириш ва чиқаришга рухсат берилди, деб ёзади Asia-Plus. Рухсатнома икки мамлакат бош вазирларининг июль ойида Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида имзоланган баённома асосида тақдим этилди.
Таъкидланишича, энди Термиз, Қарши ва Самарқанддаги темир йўл станцияларида йўловчиларни чиқариш ва тушириш мумкин. Шунингдек, ушбу станцияларда Тожикистондан қатнайдиган йўловчи поездлар учун чипталар сотилади.
Таъкидланишича, Душанбе—Москва—Душанбе, Кўлоб—Москва—Кўлоб ва Хўжанд—Москва—Хўжанд йўналишлари бўйича қатнайдиган Тожикистон поездларига Ўзбекистондаги станциялардан чипталар харид қилганлар учун чиптани сотиб олиш муддати ва вагон туридан келиб чиқиб, 10 дан 25 фоизгача чегирмалар кўзда тутилган.
Изоҳ (0)