Афғонистонда Молдова компаниясига қарашли вертолёт ҳалокатга учради. Вертолёт қулаши оқибатида экипажнинг икки нафар аъзоси ва ўн нафар йўловчи ҳалок бўлди, икки киши омон қолди. Бу ҳақда Молдова фуқаролик авиацияси органи хабар берди, деб ёзади «РИА Новости».
«Молдова фуқаролик авиацияси органи шуни маълум қиладики, 2 сентябрь куни Афғонистонда Valan International Cargo Charter авиакомпаниясига қарашли MI-8 MTV вертолёти Мозори Шариф шаҳридаги ҳарбий базадан ҳавога кўтарилгандан бироз вақт ўтиб ерга қулади. Бортда экипажнинг уч нафар аъзоси, Украина фуқаролари ва 11 йўловчи, Афғонистон фуқаролари бўлган… экипажнинг икки нафар аъзоси ва ўн нафар йўловчи ҳалок бўлди», — дейилади бошқарма сайтига жойланган хабарда.
Ҳалокат сабабларини аниқлаш ва қўшимча маълумотлар тўплаш учун суриштирув бошланганлиги таъкидланмоқда.
Изоҳ (0)