Мустақилликнинг 27 йиллиги арафасида мамлакатни ҳар томонлама ривожлантиришга катта ҳисса қўшган, ўз соҳаларида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ юртдошлар фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди. «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида 31 август куни ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев йиғилганларни Мустақиллик байрами, давлат мукофотларига сазовор бўлгани билан табриклади.
— Одамларни рози қилишни бугунги сиёсатимизнинг бош мақсади, деб биламиз. «Ўсиш», «ривожланиш» деганда фақат рақамларга, миқдор кўрсаткичларига эмас, аввало улар аҳолининг кундалик ҳаётида, уйи ва дастурхонида қандай намоён бўлаётганига устувор аҳамият қаратаяпмиз, — деди Президент.
Турли саналар ва касб байрамлари муносабати билан ўнлаб фидойи инсонлар давлатнинг юксак мукофотлари билан тақдирланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида турли саналар муносабати билан 320 киши фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди. Байрам арафасида уларнинг сафига яна 321 киши қўшилди.
Президент бир гуруҳ ўзбекистонликларга давлат мукофотларини тантанали равишда топширди.
— Мен сизларнинг кўпчилигингизни яқиндан танийман. Ҳар бирингизни ўз меҳнати, жонкуярлиги ва ташаббускорлиги билан барчага ўрнак бўлаётган ҳурматли инсонлар сифатида қадрлайман.
Барчангизга тилагим битта: сизлар мана шундай ютуқ ва зафарларни қўлга киритишдан ҳеч қачон чарчаманг. Биз эса сизларга давлатимизнинг мана шундай юксак мукофотларини топширишдан чарчамайлик, — деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ (0)