Наманган давлат университети, Тошкент давлат иқтисодиёт ва Тошкент давлат аграр университетларига 2018/2019-ўқув йили учун хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари асосида бакалавр ва магистрлар тайёрлаш бўйича қўшимча квоталар белгиланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Жумладан, Наманган давлат университетида Санкт-Петербург давлат педагогика университети билан ҳамкорликдаги қўшма дастур асосида 60 нафар талаба қабул қилинади.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Урал давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорликда тўртта йўналишда 125 нафар, Тошкент давлат аграр университетида эса Волгоград давлат аграр университети билан биргаликда битта йўналишда 20 нафар талаба қўшимча қабул қилинади.
Қўшма дастурда белгиланган қабул квоталарида ўқиш тўлов-контракт асосида бўлиб, бакалавриат ва магистратурага абитуриентлардан ҳужжатлар шу йилнинг 15 сентябригача қабул қилинади. Кириш имтиҳонлари эса 17—22 сентябрь кунлари ўтказилади.
Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган абитуриентлар учун ўқиш истисно тариқасида жорий йилнинг 1- октябридан бошланади. Қўшма дастур доирасида таълим оладиган талабалар ўқув жараёнининг бир қисмини хорижий олий таълим муассасасида амалга оширади.
Изоҳ (0)