Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллик байрами арафасида Андижон шаҳрида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур Universal Academy» деб номланган хусусий умумтаʻлим мактаби иш бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Вилоят ҳокимлигининг кўмаги билан Андижон миллий ҳунармандчилик ва ижтимоий иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг бўш турган биноси реконструкция қилиниб, мослаштирилган, замонавий кўринишга эга 600 ўринга мўлжалланган вилоятдаги илк хусусий умумтаълим мактабида инглиз, рус тиллари ҳамда математика фани чуқурлаштириб ўқитилади.
«Мактабимизда ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун зарур шароитлар яратилган, — дейди муассаса раҳбари Нилуфар Ҳайдарова. — Мавжуд 27 ўқув хонаси бугунги кун талаби даражасида жиҳозланди. Айни кунда 2018/2019-ўқув йили учун 1—5-синфларга ўқувчилар қабул қилинмоқда. Уларга икки маҳал иссиқ овқат берилади, узоқдан келганлар ётоқхона билан таъминланади».
Ўқувчилар суҳбат асосида қабул қилиниб, иқтидорига қараб қайси йўналишда ўқиши аниқланади. Ўндан ортиқ тўгараклар ташкил этилиши кўзда тутилган. Дарс ва тўгарак машғулотларини малакали педагоглар ҳамда ҳиндистонлик тажрибали мутахассислар ўтади.
Муассасанинг ўқув дастурлари, дарсликлар билан таъминланиши вилоят халқ таълими бошқармаси билан келишган ҳолда амалга оширилади. Таълим-тарбия жараёнида ўқувчи психологиясини ривожлантириш, эркин мулоқот қилиш кўникмасини шакллантириш, мактаб жамоаси ҳамда ота-оналар ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилиши белгиланган.
Изоҳ (0)