Москва вилоят суди 9 август куни 2010 йилларнинг бошида Москва шаҳри ва вилоятида автомобилларга ҳужум қилиб, ҳайдовчиларни ўлдирган «GTA тўдаси» деб аталувчи гуруҳ аъзоларига нисбатан ҳукм чиқарди. «GTA тўдаси» жорий ўн йилликда Россияда юз берган энг шов-шувли криминал воқеалардан бири бўлди: тергов иши федерал телеканаллар томонидан кузатиб борилди; жиноятчиларни излаб топишга халқ патруллари сафарбар этилди. Оқибатда гуруҳниг бир неча аъзосигина қамоқ жазосини олди — тўдага алоқадор яна тўрт киши ўтган йили суд биносида, тергов талқини бўйича, қочишга уринган вақти отиб ташланган эди.
Meduza нашри махсус мухбири Даниил Туровский тергов иши материаллари ва терговчиларнинг хотиралари билан танишиб, тўда аъзоларининг қариндошлари билан суҳбатда бўлиб, Покистондаги террорчилар лагерида тайёргарликдан ўтган икки киши томонидан бошқарилган жиноий гуруҳ тарихини қайта тиклади.
Биринчи боб
Ўрмондаги муштлашув
2013 йил 26 ноябрь оқшомида рязанлик уч оғайни — Павел, Евгений ва Роман маошга сотиб олинган 100 грамм спайсни яширилган жойидан олиб қайтиш учун Москвага кетаётган эди.Йўл тўрт соат вақт олди. Яширилган «дори»ни топиб, улар ярим тунда Рязан томон қайта йўлга чиқишди. Дозани керагича «уриб олишган» эди; маълум вақт ўтиб, Евгенийнинг мазаси қочди — Коломнага етар-етмас, ёшлар дам олиб, тоза ҳаводан нафас олиш учун, машинани тўхтатишди.
Бу кимсасиз бир жой эди: бўм-бўш йўл, атрофда дала ва ўрмон. Дўстлар машина чироғини ёқиб, дам олиб ўтиришарди. Орадан 20 дақиқача вақт ўтиб, Роман йўлнинг нариги томонида тўхтаб турган автомобилни кўриб қолди — ундан капюшонли қора кийим кийган одамлар тушиб кела бошлади ва шу заҳоти ўқ овози эшитилди: номаълум шахслар тўппончадан ўқ уза бошлади. Роман ўриндиқ ортига ўзини ташлади; Евгений: «Қочдик!» деб бақирди.
Романнинг ҳаммаёғи шиша бўлаклари бўлиб кетган эди — ўқ узишлар оқибатида машина ойналари чил-чил бўлганди. Боши қонар, қўли бўшашиб кетарди. Евгений бу ердан тезроқ кетиш кераклигини тушуниб турганди, бироқ рулда ўтирган Павел ҳушсиз эди. Бир дақиқа ўтиб, отишма бирдан тўхтади — Роман ташқарига қараса, ҳужум қилганлар ўз қурбонларининг аҳволига ҳам қизиқмай, машиналарига ўтириб, кетишяпти.
Роман дўстини ҳайдовчи ўриндиғидан четга суриб, ўзи рулга ўтирди. Кўп ўтмай, Рязан чеккасидаги Дягилево деган жойга етиб келди. Дўстлари ҳамон ҳушсиз эди. Йигит қариндошларига қўнғироқ қилиб, машина қаерда турганини айтди, сўнг ўзи шифохонага кетди — у ерда шифокорлар Романнинг елкасидан ўқ чиқариб олишди.
Павел ва Евгенийнинг эса унчалик омади чопмади: тез ёрдам машинаси бир неча соатдан кейин етиб келди; бу вақтда «Мактаб» автобус бекатидаги қонга беланган эркаклар ўтирган машина ўткинчиларнинг эътиборини ўзига қаратиб бўлганди.
Шифокорлар етиб келгач, Павел сал-пал ўзига келди. У нима бўлаётганини яхши тушунмас, орқа ўриндиқда эса Евгенийнинг жасади борлигини айтарди. Бир неча соат ўтиб Павел ҳам касалхонада вафот этди.
Орадан уч ой ўтди. 2014 йил 25 февралида бир вақтлар «Ideaлбанк»га раҳбарлик қилган банкир Владимир Кириллюк уйига — Истра яқинидаги элит коттежлар посёлкасига қайтди. Хотини билан қўнғироқлашиб, сўнг кийимини алмаштирди-да, округ бўйлаб ити билан бирга сайр қилгани велосипедда чиқиб кетди.
Ўрмондан чиқаркан, у ағанаган дарахт билан йўлни тўсишга уринаётган тўрт эркакни кўрди — кейин маълум бўлишича, тўда аъзолари машғулот ўтказаётган бўлган, Кириллюк эса уларга халал бериб қўйган.
Рафиқаси уйга келганида, банкир ҳали ҳам сайрдан қайтмаган эди. Орадан бир неча соат ўтиб ҳам эрига қўнғироқ қилиб туша олмагач, посёлканинг назорат-ўтказиш пунктига борди. Қўриқчи бир муддат аввал дарвозадан ит югуриб кирганини, яна, сал аввалроқ шу яқиндан ўтган машина ҳайдовчиси ярим километр нарида уч киши ерда ётган бир эркакни дўппослаётганини кўрганини айтди. Кириллюкнинг хотини қўриқчи билан бирга, қўлга фонар олиб, муштлашув бўлган жойни тахминан излаб боришди ва банкирнинг жонсиз танасини топишди. Унга 20 марта пичоқ урилганди; икки марта бошига ўқ узишган. Кириллюкнинг ёнидан ҳеч нарсани ўғирланмаган.
Орадан яна салкам уч ой ўтиб, 2014 йил 3 июнида полициячи Олег Толмачёв уйига, Солнсеводаги квартирасига келиб, формани футболка ва шортларга алмаштириб, сайрга чиқиб кетди. Шунда унинг хотини жазманига телефон қилиб, бирга машинада шаҳар айланишга келишиб олди.
Улар ярми тунда қайтишди. Уларнинг машинаси уй олдида турган вақти Толмачёв ҳам машинасида қайтиб келди — хотин эри подездга кириб кетишини кутиб турди. Толмачёв автомобилидан тушар-тушмас, унга номаълум уч киши ташланди — уни ерга ётқизиб, тўппончадан бир неча бор отишди. Хотин эрининг олдига югуриб боришга тайёр эди, бироқ жазмани уни ушлаб қолди — бундай вазиятларда гувоҳларни ҳам отиб ташлашади, деди. Шунда хотин қўшни аёлга телефон қилди — у ҳам полицияда ишларди. Қўшни эса хотинга ҳам, унинг жазманига ҳам наряд ва шифокорлар келмагунча машинадан тушмасликни тайинлади.
Толмачёвнинг мурдаси автотураргоҳ ёнидаги майсазордан топилди — жиноятчилар уни чиқиндилар билан кўмиб кетишган эди. Қотиллар полициячининг икки мобил телефони, одеколони ва қора кўзойнагини олиб кетишган.
Спайс чеккан ёшлар, банкир ва полициячи — бу қора либосли одамларнинг биринчи ҳам, охирги ҳам қурбонлари эмасди. Шунга ўхшаш қотилликлар — Москва шаҳри чеккаларида ёки Подмосковеда тасодифий одамларни йўлларда ё автотураргоҳларда отиб кетиш ҳолатлари — 2012 йилдан бери учраб турарди; одатда, ярим тун ва тонгги соат тўрт оралиғида. Жиноятчилар аксарият қурбонларининг ёнидан ҳеч нарса — пул ҳам, машинани ҳам, бошқа бойликларни ҳам олишмасди.
Иккинчи боб
Тўдани қўлга туширган инсон
2014 йил августида Тергов қўмитаси Тергов бош бошқармасининг алоҳида муҳим топшириқлар бўйича катта терговчиси, 37 ёшли Алексей Стадников ўз машинасида Уралда ўтган меҳнат таътилидан қайтаётган эди. Ярим тунга яқин бироз дам олиш учун М-5 трассаси чеккасида тўхтади. Бир неча кундан сўнг ишга қайтиб, яна тергов билан шуғулланиши керак эди: Стадников бунгача, масалан, серияли қотил Сергей Мартинов ва 2012 йили Доғистонда шайх Саид-Афанди Чиркейскийнинг уйини портлатиб юборган гуруҳнинг ишлари билан шуғулланган эди.Худди шу оқшом айнан шу трасса бўйлаб 31 ёшли раққос Альберт Юсупов ҳам кетаётган эди. Қай бир вазиятда машинасининг бир ғилдираги ёрилиб кетди — ёнида домкрати бўлмагани боис, у дўстига қўнғироқ қилиб, келиб ёрдам беришини сўради. Вақт ўтказиш учун Юсупов эшига очиқ машинада мобил телефонини ўйнаб ўтирарди. Унга қарата ўқ узиш бошланган вақтда Альберт қочишга уринган — унинг жасади йўл ўртасида қолган эди. Ҳужум қилганлар уни ўмариш фикридан қайтди — узоқда пайдо бўлган фара нури уларни чўчитди.
Йўллардаги бошқа қотилликлар тафсилотларини умумлаштириб, Тергов қўмитаси ходимлари ушбу барча жиноятлар ортида бир гуруҳ турибди, деган хулосага келди. 2014 йил сентябрида бир неча жиноий иш битта қилиб бирлаштирилиб, Алексей Стадников тергов раҳбари этиб тайинланди. У Юсупов ўлдирилган жойга келганида худди ўша оқшом худди шу йўлда ўзи ҳам тунаб қолганини эслади.
Бу вақтга келиб йўл бўйидаги қотилликлар ҳақида ОАВда кўп марта ёзилганди. Федерал телеканалларда «ўлим трассаси» ҳақида сюжетлар берилган (аслида қотилликлар Москва вилоятининг ҳар хил ҳудудларида, боз устига кичик йўлларда ҳам юз берган): бу лавҳаларда бандитлар ё украиналик диверсантлар, ёки қандайдир секта тарафдорлари деб тахмин қилинарди. Баҳонада «амазонкалар тўдаси» ҳам ёдга олинди — 2003—2013 йилларда Ростов вилоятида полициячилар ва ҳайдовчиларни ўлдириш билан шуғулланган жиноий гуруҳ сафида аёллар, хусусан, 13 ёшли қизи билан бирга бир она ҳам бор эди. Энг ёдда қоларли тахминга кўра, жиноятчилар — компьютер ўйини ишқибозлари бўлиб, улар Grand Theft Auto (GTA) ўйинидаги қотилликларни ҳақиқий жиноятларга айлантиришган. «GTA тўдаси» деган ном ҳам шундан келиб чиққан.
2014 йил сентябридан бошлаб 150 га яқин стритрейсерлар — блогер Эрик «Давидич» Китуашвилининг ихлосмандлари ва «Smotra.ru» автоҳаваскор ҳамжамияти аъзолари — Подмоскове йўллари, ўрмонлари ва далаларида патруллик қила бошлади. «Биз ўрмонларда тепловизор ёрдамида қидиряпмиз, барча АЁҚШларга кириб, ҳаммани текширяпмиз, машиналарда тинтув ўтказяпмиз. Кимни қидираётганимизни айтсак, одамлар тўғри тушуниб, ёрдам кўрсатишяпти, — деганди Давидич. — Биз қуролланганмиз, шу боис тўппонча билан қуролланган уч аҳмоқни қўлга тушириш қийин бўлмайди». Фаоллар қуроллар ва ўқ ўтказмайдиган нимчаларда ҳаракатланишар, йўл ҳаракати қоидаларини бузишар, тез-тез одамларни куч билан тинтиб, уларга қўл кўтаришарди, баъзан эса уларга шубҳали кўринган ҳайдовчиларнинг машиналарини то полиция келгунича юришига қўйишмасди. Улар ўз рейдлари ҳақида: «Биз бўлмаса, унда ким?» номли фильм ҳам олишган — фильмда айтилишича, қидирув ишларида самолётдан ҳам фойдаланилган.
2016 йили, Давидичга нисбатан фирибгарлик моддаси бўйича иш очилганида, у судда «‘GTA бандасиъни қўлга туширган инсон» айнан у экани, полициячилар эса ишга кейин қўшилганини айтганди. «Биз, 250 киши, бир неча ой ўрмонларда яшадик ва бу одамларни изладик, — деганди блогер. — Менда буни тасдиқловчи миннатдорлик хати бор. Мен қидириб кўчага чиққанимдан сўнг, улар ҳеч кимни ўлдира олмади».
Ўша 2014 йилнинг сентябрида тергов гуруҳида биринчи жиддий илмоқ топилди (бу вақтга келиб жиноий иш материаллари 30 томдан ошиб кетган эди). 3 сентябрь оқшомида Борисов фамилияли ҳайдовчи — унинг исми тергов материалларида кўрсатилмаган — Москва ҳалқа автомобиль йўли (МКАД)нинг Ясеневодан ўтган қисмида ёнилғи олиш учун тўхтаган. У ҳисоб-китоб қилиб бўлиб, ташқарига чиқиши билан, унга уч эркак ҳужум қилган — оёқларига ўқ узиб, уни тўқмоқ билан уришган, шундан сўнг автомобилидан ниманидир олиб, воқеа жойидан қочишган.
Шовқиндан АЁҚШ ходими ташқарига чиқиб, полиция ва тез ёрдамни чақирган. Бу вақтда АЁҚШга яна бир машина кириб келган — ҳайдовчи воқеа жойидаги эркаклардан нима бўлганини сўраб, ёнилғи олиб, чиқиб кетган, бироқ бир неча дақиқадан сўнг қайтиб келган. У ҳужум қилган уч эркакни шу яқин-атрофда, МКАД ёқасида кўрганини ва уларни қувиб етишни таклиф қилган. Борисов унинг машинасига отилган ва улар тез орада тўданинг автомобилини қува бошлаган. Улар Профсоюзний кўчаси яқинида жиноятчиларни бир бурчакка сиқиб қўйишга муваффақ бўлишган, шунда Борисов ўзининг қаршисида унга қаратилган, уни нишонга олаётган тўппончани кўрган. Шу билан пойга тугаган — бироқ ҳайдовчи етти сонияли видео олишга муваффақ бўлган, унда машина рақами ҳам кўринган. Борисов рақам билан бирга машина русуми ҳақидаги маълумотни полицияга маълум қилган.
Кўп ўтмай терговчилар ўша оқшом ҳужум қилганларнинг ҳаракат йўналишини топди, машина эгаси кимлиги ҳам аниқланди: у Ўзбекистондан Россияга келган Фазлиддин Ҳасанов бўлиб чиқди. Кузатувлар натижасида у бошқа икки муҳожир — Ҳазратхон Додохонов ва Ибайдулло Субҳонов билан билан мунтазам мулоқот қилиши аниқланди. Додохоновнинг бармоқ излари (у Федерал миграция хизмати базасида бўлган) тўда ҳужум қилган машиналарнинг биридан топилди; Ҳасановга тегишли генетик материал эса жиноят содир этилган жойларининг бирида аниқланди.
Учала гумонланувчи устидан кузатув ўрнатилди. Субҳонов ўша вақтда Уделнийдаги — Москва биқинидаги кўчалари рус ёзувчилари номи билан аталадиган, қимматбаҳо икки-уч қаватли ҳашаматли турар жойлардан иборат осойишта посёлкадаги хусусий уйларнинг бирида қўриқчи бўлиб ишларди. Хонадон эгалари Субҳоновни «жуда мулойим, хизматга тайёр ва камсуқум» деб таърифлаган. У тожикистонлик ва ўзбекистонлик танишлари билан кўп мулоқотда бўлган. Тезкор вакилларнинг аниқлашича, улар катта трассалар бўйига чиқиб, яқин орадаги далаларда дайдишган, шунингдек, ўрмонда ўқ отиш ва қўл жанги бўйича машғулотлар ўтказишган. Машғулотлардан сўнг Қуръон ўқишган. Кейинчалик маълум бўлишича, Субҳонов гуруҳ аъзоларига «исломни ўрганмай туриб, яхши ҳаёт учун курашиб бўлмаслиги»ни, «нотўғри йўл билан бойиганларнинг бойлигини тортиб олиш учун» эса ўлдириш зарурлигини уқтириб келган.
Терговчи Алексей Стадников ҳам тўда одамларни пул учун ўлдирмаслигини тахмин қилган: жиноятчилар ўз қурбонларининг ёнидан ҳар доим пул олавермас, олганда ҳам бир неча минг рублдан ортиқ олмасди. Бандитлар телефонлар ва бошқа буюмларни ҳам ҳар доим олиб кетавермасди — бир сафар бирови ўзига одеколон, бошқаси қора кўзойнакни олиб кетганини айтмаса. Яна бир гал жиноятчилар ўзлари ҳужум қилган машина юкхонасидан аёллар кийимларини топиб олишган — гуруҳ аъзоларидан бири хотинига ўша кийимлар орасидан олинган шортни совға қилган, бироқ хотинга бу ёқмаган.
Тергов қўмитаси собиқ матбуот котиби Владимир Маркин ўзининг «Қотилликлар, терактлар, фалокатлар» номли китобида терговчининг сўзларидан келтириб ёзишича, Стадников ушбу жиноятларни ўзига хос бир машғулот, айни вақтда «ушбу ёш жиноятчиларни қонга ўргатиш, тўлиқ бўйсундириш»га қаратилган жараён, деб ўйларди.
Стадников «GTA тўдаси» ишини қабул қилиб олганида, у шошилмасак бўлмайди, деб ўйлаганди: у ўзини худди «бандитлардан вақтни қарзга» олаётгандек ҳис қилган, сусткашлик янги қурбонларга олиб келади, деб ҳисоблаган. Терговчининг кейинчалик хотирлашича, у икки ой оиласи билан умуман кўришмаган, кунига тўрт соатдан, одатда иш жойида ухлаган. Стадников ва унинг гуруҳи юзлаб далилий ашёларни текширарди: ўқлар, гилзалар, тиканаклар, ўққа тутилган автомобиллар; биологик материаллар — тер, сўлак, қон кабилардан иборат пакетчалар. Улар гуруҳ аъзоларини бутун Москва ва Подмоскове бўйлаб кузатишарди; гумонланувчилар кўчага чиқиб кетган маҳал уларнинг уйларига билдирмай кириб чиқишарди. Омборхоналарнинг бирида улар ўқ отиш машғулотлари учун керакли манекенларни кўришган. Бошқасида эса — қўлбола тўппонча учун эҳтиёт қисмларини.
Орадан икки ой ўтиб, гумонланувчилар доираси 10 кишигача қисқарди. 2014 йил 5 ноябрь оқшомида махсус бўлинма жангчилари Уделнийдаги Субҳонов истиқомат қиладиган иморатни қуршаб олди. Тезкор вакиллардан бири дарахт ортига яшириниб, овоз кучайтиргич орқали гумонланувчини уйдан чиқишга чақирди. Субҳонов гуруҳнинг икки аъзосига қўнғироқ қилишга улгурди (улар тергов гуруҳи кузатувида йўқ эди — ҳар иккиси Tataристонга қочишга уринган, бироқ уларни телефон қўнғироғи маълумотлари асосида аниқлаб, қўлга туширишган), лекин ташқарига чиқишдан бош тортди — бунинг ўрнига махсус бўлинма жангчиларига қарата граната улоқтирди. Ўзи эса унга жавобан очилган ўқ ёмғири оқибатида ўлдирилди.
Жиноий гуруҳнинг қолган тўққиз аъзоси кейинги кунлар давомида Москва вилоятининг турли жойларида қўлга олинди. Улар 17 кишини ўлдиришда айбланди.
Учинчи боб
«Тукли ари» деб ёзилган қути
Штурм билан эгалланган иморат Алексей Starоверовнинг — Россия Бош прокуратураси ишлар бошқармаси бошлиғининг ҳовлисида жойлашган эди; Starоверов бундан бир йил аввал ўзи ишлайдиган идоранинг энг сердаромад ходимига айланганди: у рафиқаси билан бирга бир йилда 50 миллион рубль ишлаб топган (Starоверовнинг хотини бизнес билан шуғулланарди, жумладан, у Наталя Сеповяз — Кушчев уюшган жиноий гуруҳининг «Қотил» лақабли етакчиси Вячаслев Сеповязнинг хотини — билан бирга бир компанияга эгалик қиларди). Starоверов ўз уйига ҳар доим қўриқчилар ва мигалка билан келган, Субҳонов бўлса унинг уйида уч йил яшаган — терговчиларнинг айтишича, «қонхўр қотилларнинг изини қўриқланадиган девор ортидан, амалда — масъулиятли адлия ходимининг уйидан излаш кераклиги ҳеч кимнинг хаёлига келмас эди».Гуруҳ иштирокчилари қўлга олинганидан кўп ўтмай Starоверовга нисбатан ноқонуний қурол сақлаш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди, бироқ эртасига унинг ҳамкасби, бош прокурор ўринбосари иш очиш ҳақидаги қарорни бекор қилди. Амалдорни гувоҳ сифатида сўроқ қилишди — 2014 йил декабрида эса у давлат хизматидан бўшаб, бизнесменга айланди. Тергов Starоверовга нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилди.
Гуруҳнинг шаҳар ташқарисида яшайдиган аъзоси биргина Субҳонов эмасди. Фазлиддин Ҳасанов — у гуруҳ «қуролбардори» эди — Красногорск остонасидаги Поздняково шаҳарчасида, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигида ишлайдиган амалдорга тегишли боғ-ҳовлидаги иморатда яшарди. Ҳасанов яшаб, ҳам қўриқчилик, ҳам оддий ишчи вазифасини бажарган хонадон эгалари уни «ислом динига эътиқод қилувчи тарбияли эркак» сифатида хотирлайди.
Терговчилар Ҳасанов яшаган иморатдан бор-йўғи ток-қайчи, токарлик станоги, пайвандлаш қурилмаси ва иккита матрасни топгани йўқ. Inshoot америкалик ҳаваскор террорчи Унабомбернинг бомба тайёрлаш учун зарур «масаллиқлар»ни сақлайдиган ҳужрасини ёдга соларди. Иморатдан тўппончалар учун ўнлаб деталлар, портловчи қурилма тайёрлаш бўйича йўриқнома, сақичнинг қадоғига ўралган порох, 500 га яқин патрон, оптик мўлжаллагичлар, стволларни тозалаш учун симчўтка, устига «Тукли ари» («Шмел») деб ёзилган, ичи портловчи ускунанинг кимёвий унсурлари билан тўла қути, боғичлар, қўлбола детонаторлар бор эди. Шунингдек, хонадан 34 саҳифалик катак дафтар ҳам топилган бўлиб, у қотиллик усуллари, уруш ва яширин ташкилот фаолиятини юритиш ҳақидаги йўриқномаларга тўла эди; дафтар ўзбек тилида тўлдирилган. Бундай дафтарлар гуруҳнинг бошқа аъзоларидан ҳам топилган.
Ҳасанов пневматик тўппончаларни ўқотар қуролга айлантирар ва гуруҳ аъзолари 2014 йил ёзидан бошлаб машиналар остига улоқтирган тиканакларни тайёрларди (шу боис ҳам аксарият қотилликлар машиналарнинг шиналари ёрилиб кетишидан бошланган). Коломна остонасидаги «Отдих» боғ-ширкатида унинг алоҳида лабораторияси ҳам бўлган: у ердан ўнлаб колбалар, трубкалар, портловчи ускунанинг синтези учун зарур сочилувчан ва суюқ моддалар, шунингдек, Россияда экстремистик деб тан олинган ва кўпинча «Ҳизб ут-Таҳрир» фаолларининг ёнидан топиладиган «Мусулмоннинг қўрғони» китоби чиққан.
Коломнадаги ўша участкада, лаборатория билан бирга, сапёрлар томонидан патронлар, қурол учун заготовкалар, автомобиль рақамлари ва ўлдирилганларнинг паспортлари яшириб қўйилган махфий туйнук ҳам топилган. «Ювош, камсуқум йигитлар эди, — деб терговчиларга маълумот берганди ер эгалари. — Кундузи бизга ҳар доим ёрдам беришарди. Оқшомда эса қаергадир йўқолиб қолишар ёки ўзларининг ҳужраларида нимадир қилиб ўтиришарди. Биз бозорда сотиш учун нимадир ясашаётган бўлса керак, деб ўйлагандик...».
Гуруҳ аъзоларининг яшаш жойларида ўтказилган тинтувлар вақтида фақат қурол ё китоб топилган эмас. Гуруҳнинг баъзи қатнашчилари ишлаган автоустахонадан мато ва скотч билан ўралган ёғоч манекенлар аниқланди — бу «қўғирчоқ»лардан ўқ отиш бўйича машғулотларда фойдаланилган. Яна бирининг уйининг ҳожатхонасидан таксичининг жасади топилди — бу «киракаш» 2012 йили, унинг машинасидан югур-югурларда фойдаланиш учун отиб ташланган эди. Субҳонов ушбу жиноятни ҳайдовчи «Қуръонга риоя этмагани» билан ҳам асослаган. Бу «GTA бандаси»нинг илк қотиллиги эди.
Тўртинчи боб
Покистонлик Равшан
Тўда аъзолари кундузи қурилишларда ва автоустахоналарда меҳнат қилган. Кечаси эса қора кийимларини кийиб, одам ўлдириш учун кўчага чиққан.Асли ўшлик Ибайдулло Субҳонов ушбу гуруҳга укаси Холиқ билан бирга асос солган. Холиқ сўроқларнинг бирида акаси билан бир муддат Покистонда бўлгани, радикал диний ақидапарастларнинг машғулот лагерида ўқ отиш, партизанчасига уруш олиб бориш, миналаштириш ва яширин тарғибот олиб боришни ўргангани ҳақида айтганди. «2010 йили бизга Равшан бошчилик қилган, у бизга жиҳодни ўргатарди, — деб эслаб, гапирганди Холиқ Субҳонов. — Биз жамоат, ‘Ислом жиҳоди иттифоқиъдаги жанговар гуруҳ таркибида эдик, биз Аллоҳ аскарлари, оддий иштирокчилар эдик. Ўлсак, шаҳид бўлардик».
«Ислом жиҳоди иттифоқи» — жанговар диний ташкилот бўлиб, асосан Ўрта Осиё республикаларидан келган жангарилардан иборат, у ўз олдига Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида ислом давлатини қуриш мақсадини қўйган. «Иттифоқ»нинг машғулот лагерлари Покистонда жойлашган. Унинг «Толибон» ва «Ал-Қоида»нинг Ўрта Осиёдаги вакили деб тан олинган «Ўзбекистон исломий ҳаракати» (ЎИҲ) террорчилик ташкилоти билан алоқалари бор. ЎИҲ жангарилари 1990 йилларнинг охирида Қирғизистоннинг жанубий ҳудудларига бостириб кирган, кейинроқ Бишкек ва Ўшда терактлар уюштирган, 2015 йили эса ИШИД таркибига қўшилишини эълон қилган.
Ака-ука Субҳоновлар Покистондан яширинча Эронга ўтган — 2011 йил баҳорида эса Россияда кўришиб, Москва вилоятидаги эгаси қараб туришни сўраган уйга жойлашишган. «Муҳаммад (Холиқ ўзини шундай исм билан таништирган) мулойимроқ, хушмуомала эди ва мен кўпроқ у билан мулоқотда бўлардим. Лекин у акаси Маҳмуд (Ибайдулло)нинг кучли таъсири остида эди, — дейди уй эгаси терговчиларга берган кўрсатмасида. — Маҳмуд жуда диндор, характери ҳам укасиникидан кўра кучлироқ эди. Агар айтилган ишларнинг ҳеч бири қилинмаган бўлса-ю, бақириб сўкиб берсанг, Муҳаммад югуриб келиб, мени овунтиришга уринар, ҳаммасини тўғрилашга ваъда берарди. Маҳмуднинг жаҳли чиқаётгани, ўлдириб қўйгудек бўлаётгани очиқчасига сезилиб турарди».
2012 йили Равшан — ака-укаларнинг Покистон лагеридаги етакчиси, улар кейинчалик ҳам Skype орқали қўнғироқлашиб туришган — Субҳоновларга ҳарбий эҳтиёжлар учун пул жўнатиш лозимлиги ҳақида кўрсатма берди. Шундан сўнг улар Москвада «жанговар гуруҳ» тузишга киришган.
Гуруҳ Россияга пул ишлаш учун келган меҳнат муҳожирларидан ташкил топганди — уларнинг асосий қисми Тожикистоннинг Сўғд вилоятидан эди. Россияда меҳнат муҳожирларини йўлдан уриб, уларни радикаллаштириб, сўнг турли экстремистик ташкилотларга оғдириш ҳолатлари кўп учрайди. Масалан, 2014 йили Москвадаги қурилишларда ишлайдиган эркакларнинг яшаш жойларига кечалари чеченлар келиб, ИШИД сафига қўшилиб, яхши пул топишга, бундай «қулларга ўхшаб яшашни тўхтатиш»га даъват этган. Тожикистон мадҳияси муаллифи Гулназар Келди мамлакат парламентидаги нутқларининг бирида тожик ёшларининг экстремистлар сафига қўшилиб кетаётганига сабаблардан бири қашшоқлик эканини айтганди: «Кўп вақти яшаш, ўқиш ва оила қуриш учун пул топиш билан банд ёшларимиз осон даромад ҳақидаги ваъдаларни учиб, алданиб қолмоқда».
2013 йил кузига келиб, Субҳоновлар гуруҳининг 10—12 кишилик асос-ўзаги шаклланди. Улардан бири — 2003 йилдан бери Россиядаги қурилишларда ишлайдиган Абдумуқим Мамажоновнинг хотирлашича, Ибайдулло Субҳонов у билан тез-тез «бошқа йўналишдаги дин» ҳақида гаплашиб турган, танишганларидан бир йил ўтиб эса «жиҳод учун Покистонга боришни таклиф қилган». Гуруҳнинг бошқа аъзоси — Анвар Улуғмуродовнинг айтишича, гуруҳ Ўзбекистонда ҳарбий тўнтариш амалга оширмоқчи ҳам бўлган («ҳокимият халқни қашшоқлик даражасигача туширгани учун»), машғулотлар вақтида эса нишон сифатида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов суратларидан ҳам фойдаланилган. Ҳазратхон Додохонов эса қотилликлар вақтида қўлга киритилган пулнинг бир қисмини Субҳонов «мусулмонларга ёрдам бериш» мақсадида Покистонга юбориб тургани ҳақида айтганди.
Тўданинг яна бир аъзоси Умар Ҳасанов 2013 йили Новосибирскда уйларни таъмирлашни тўхтатиб, кафе очиш ниятида Москвага кўчиб келган. Кафе масаласида юртдоши Ибайдулло Ҳасанов унга ёрдам ваъда қилган ва, ўз навбатида, ундан машина олди-сотдиси билан шуғулланувчи таниши билан таништириб қўйишни сўраган. Субҳонов машина сотувчига 5,5 минг доллар бериб, машинани ололмаганидан сўнг, у «Умар мени алдади» деган фикрга келган. Эртаси куни Ҳасановни ўғирлаб, Москва вилоятининг Радумля посёлкасидаги нотаниш уйга олиб келишган, дўппослашган, ҳужжатларини олиб қўйиб, энди «автосервис»да ишлаб, пулни қайтариши шартлигини айтишган. Ҳасановнинг айтишича, у қарзини тўлаш учунгина тўданинг жиноятларида қатнашган.
Субҳонов гуруҳ аъзоларига уй-жой масаласида ёрдам берган — баъзилари ўша Радумлядаги квартираларда яшаган, ўша ернинг ўзидаги автосервисда ишлаган; ўша автосервисда машғулотлар ўтказиб, шу ернинг ўзида Қуръон ўқишган. Уларнинг барчаси баъзида Холиқ Субҳоновнинг уйида кўришиб турган — у боғ ҳовлида ишларди. Ҳовлининг эгаси кейинчалик эслашича, «улар ўзларини худди ‘Автомобильдан сақланинғ фильми қаҳрамонидек тутишарди: бирда у қариндоши, бошқасида бу қариндоши меҳмонга келарди».
«GTA тўдаси» аъзолари қўлга олинганида, Россия президенти Владимир Путин бунинг учун Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколсевга алоҳида миннатдорчилик билдирган ва бу «жиноятлар аслида террорчилик йўналишида» эканини қўшимча қилганди. Расмий ОАВлар ҳам худди шундай деб ёзган — хусусан, «Российская газета»нинг қайд этишича, бу «бандитлар мутлақо нотаниш кишиларни ғоявий нуқтаи назардан, ғайридинлар деб ҳисоблаб йўқ қилиш билан шуғулланган».
Шунга қарамай, кейинчалик на полиция ва на терговчилар «GTA тўдаси»ни террорчи ё диний ақидапарастлар деб атади. Тўда иши бўйича судда ҳам бу мавзу кўтарилгани йўқ.
Бешинчи боб
Ғул ва Мукаммал
Жиноятчилар қўлга олинганидан сўнг, улар қотилликларни қандай амалга оширганликларини батафсил гапириб беришди. Уларнинг ҳужумкор таркиби тез-тез ўзгариб турган — ҳар бирининг ўз вазифаси бўлган: масалан, Зафар Ғуломов уларни ҳеч ким сезиб қолмаслигига масъул бўлган. Ўзининг айтишича, тўдага тасодифан қўшилиб қолган: ишидан айрилиб, амакиваччасининг таклифига кўра автосервисга ишга кирган, кейинроқ бу ерга Ибайдулло Субҳанов келиб, «бир жойга бориб келиш керак»лигини айтган. Ўшанда жиноятчилар М4 трассасида икки кишини ўлдирган; Ғуломов, айтишича, у фақат йўлга қараб турган ва ўлдирилганларнинг нарсаларини ташиган.«GTA тўдаси» аъзоларининг тергов ва судда айтган сўзларига кўра, улар ҳар бир операция учун сим-картаси янги телефонларни олишган — Субҳанов бундай сим-карталарни Савеловский бозорида олган, у ерда паспортсиз ҳам сотаверишади. Тўда асосан давлат рақам белгиси ё Латвия, ё Беларусники бўлган машиналарда ҳаракатланган. «Иш»га чиқаркан, улар ўзаро махфий сўзлардан иборат хабарлар орқали мулоқот қилган. Ҳар бирининг лақаби бўлган, аксарият ҳолларда — арабча. Фазлиддин Ҳасановни Акмал («Мукаммал») деб, Анвар Улуғмуродовни — Қирғиз, Умар Ҳасановни — Обид Муслим («Сажда қилувчи қул»), Абдумуқим Мамажоновни эса Қоровул деб чақиришган. Ибайдулло Субҳоновнинг лақаби Ғул эди: араб мифологиясига кўра, бу йўл ёқаларида ўткинчиларни овлаб, ўлдирадиган бир жиндир.
2013 йил ноябрида Мамажонов, Додохонов, Субҳонов қариндошларидан «Тожикистондан келган совғалар — қуруқ мевалар»ни олиш учун Радумлядан Дедовск томон йўлга чиқади. Тунда ортга қайтади; қайтишда ғилдираги тешик машинани кўришган — Рибинское сув омборига тонгги балиқ овига кетаётган Эдуард Микиртумов домкрат билан тимирскиланиб юрганди. Унча узоқ бўлмаган бир жойда тўхтаб, эркаклар бир пастликка тушишган, тиббий ниқоб ва қўлқопларни кийиб, қўлга тўппончани олиб, ғилдираги бузуқ машина томон йўл олишган. Микиртумовни ўлдириб, унинг жасадини йўлдан нарига олиб боришган, автомобилдан эса 20 минг рубль, ноутбук ва телефонни олиб, уй-уйга тарқалишган. Микиртумовнинг мурдаси унинг балиқчи ошналари томонидан бир неча соатдан сўнг топилган.
Орадан бир неча ҳафта ўтиб, Субҳонов бошлиқ тўрт киши ВДНХ олдида учрашиб, Лос темирйўл платформаси тарафга йўл олган. Улар аввалига гаражларнинг устига чиқиб, видеокузатув бор-йўқлигини текширган. Шундан сўнг ишчиларнинг чайлалари томон йўл олишган — Субҳонов улардан бирига кириб, дарҳол ўқ узишни бошлаган. Бошқалар давом эттирган; тўрт ишчи ҳалок бўлган, бутун хона — музлатгич, стол, деворлар — қонга беланган. Босқинчилар ўзлари билан ичида эски спорт шимлари ва футболкалар бўлган сумкани олиб кетишган.
2014 йил 2 май куни эр-хотин Лебедевлар дала-ҳовлига, у ердан музлатгич-халтани олиб келиш боришади — улар бу сумкани Краснодар ўлкасида ўтказмоқчи бўлаётган таътилларига олиб кетишмоқчи эди. Лебедевлар Москвани Россия жануби билан боғловчи М4 трассасига чиқишади. Бу вақтда эса Субҳонов, Ғуломов ва тўданинг яна икки аъзоси йўл бўйидаги ўрмонда бир марталик қўлқоп ва ниқобларни кийиб, қўлга тўппончани олиб, шайланиб турарди. Уларнинг қўлида келаётган машина остига ташлаш учун тиканаклар ҳам бор эди. Улар икки кун аввал ҳам шундай қилишган эди, бироқ ўша оқшом ҳеч ким тиканаклар устидан юрмаганди.
Орадан ярим соатча вақт ўтиб, жиноятчилар баланд қарсиллаган овозни эшитишди. Пистирмадан чиқиб, улар йўл ёқасида тўхтаб турган автомобиль томон югуриб боришди — машина ёнида тешилган ғилдиракка 64 ёшли Анатолий Лебедев қараб турарди. Улар Лебедевни бошига бир неча бор ўқ узиб ўлдиришди, сўнг йўловчи ўриндиғида ўтирган хотинини отиб ташлашди. Субҳонов шериклари билан машина юкхонасидан сумкани олди (у ерда яна 5 минг рубль, конфетлар ва кийимлар ҳам бўлган), аёлнинг қулоғидан зиракларини ечиб олишди. Эртаси куни полициячилар юз берган воқеа ҳақида Лебедевнинг фарзандларига маълум қилишади.
Баъзи жабрланувчилар тўданинг чангалидан қочиб қутилишга муваффақ бўлган. 2014 йил июлида Ирина худди ўша М4 трассаси бўйлаб Москвадан кетаётганида, ғилдираги бўшаб кетганини сезади. Тўхтаган вақти у томон пичоқ ва тўппончалар билан қуролланган бир неча эркак югуриб келаётганини кўради. Ирина «газ»ни босиб қочади, полицияга қўнғироқ қилиб, воқеа юз берган жой GPS-координаталарини беради — бироқ полициячилар келган вақти у ерда энди ҳеч ким йўқ эди.
2014 йил ёзининг охирига бориб — қўлга тушиши арафасида — «GTA тўдаси» аъзолари аллақачон Калашников автоматлари билан қуролланган ва одатий қора кийим ўрнига камуфляж (ола-була, жанговар либос) кийишга ўтганди. Улар ўзларининг «лаборатория»ларида портловчи қурилма ҳам тайёрлашган эди.
Олтинчи боб
Йўқотадиган ҳеч нарса йўқ
«GTA тўдаси» устидан суд бир ярим йил давом этди. Прокурор Светлана Артёмевна давлат айбловчиси сифатида қатнашди — бунгача у БОРН иши (Рус миллатчиларининг жанговар ташкилотининг иши, серияли қотилликларда айбланган; гуруҳнинг тўрт аъзоси умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган) билан шуғулланган эди.2017 йил 1 август куни Москва вилоят судида навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда тўданинг барча аъзолари умрбод озодликдан маҳрум этилиши мумкинлиги маълум қилинди. Соат 14:00 га яқин судья иш қатнашчиларига жавоб берди; судланувчиларни ҳибсхоналарга етказиш учун биринчи қаватга тушириш бошланди.
Беш айбланувчи — Холиқ Субҳонов, Мирзомавлон Мирзошарипов, Абдумуқим Мамажонов, Фазлиддин Ҳасанов ва Ҳазратхон Додохоновга фақат икки конвоир, бир эркак ва бир аёл ҳамроҳлик қилиб кетарди (йўриқнома бўйича, ҳар бир жиноятчини иккитадан қўриқчи кузатиб бориши керак). Лифтда тўда аъзолари тожик тилида ниманидир муҳокама қила бошлаган. «Йўқотадиган ҳеч нарсамиз йўқ, ҳаммасини отиб ташлаймиз, — деган улардан бири. — Аллоҳу акбар!».
Гуруҳ аъзолари сакрашни бошлагач, Москва вилоят суди биносидаги лифт иккинчи ва учинчи қаватлар оралиғида бузилиб, тўхтаб қолган. Улар конвоирларни уриб, уларнинг қуролларини олиб қўйишган. Суд ходими ўша вақтда учинчи қаватдаги мажлислар залида бошқа судланувчиларни қўриқлаб турган Росгвардиянинг олти ходими олдига югуради. Гвардиячилар икки гуруҳга бўлинишади: бири учинчи қаватда, бошқаси эса иккинчи қаватда пистирмада туради.
Бандитлар учинчи қаватга ёриб чиқишга қарор қилишади. «Биз, мудофаани қандай ташкил этиш кераклигини ўргатганларидек, чироқни олдиндан ўчириб қўйдик. Жиноятчилар ҳеч нарсага қарамай, тикка босиб келди, — деб эслайди Росгвардия ходими. — Лифт эшиклари очилди, биринчи ўқ овозлари эшитилди, илк ўқ узишлардан кейинроқ шеригим яраланди, иккинчи шеригим эса хона ичкарисидан ўт очди».
Отишма видеоларининг бирида жиноятчилар суд мажлиси залларидан бирига югуриб кираётгани, сўнг кетма-кет қулаётганини кўриш мумкин. Улардан бири ўрнидан туришга ҳаракат қилади. Хонадаги полициячи ўзини ҳимоя қилиш учун қўлига стул олади. Буларнинг барини суд залидаги «қафас»да турган судланувчи кузатади.
Отишма оқибатида беш жиноятчидан тўрттаси ҳалок бўлган.
Эртаси куни «Московский комсомолец» нашрининг махсус хизматлардаги манбаси тўда иштирокчиларини «йўқ қилиш» мақсадида уларни қочишга ундашган бўлишлиги мумкин, деган тахминни ўртага ташлади. 2018 йил августида Meduza’га интервью берган тўда аъзоларининг қариндошларининг фикрича, ҳалок бўлганлар қочишга уринмаган. Уларнинг айтишича, уларни «судда ортиқча гап гапириб қўймасликлари учун»гина ўлдириб юборишган.
Воқеаларнинг бошқа иштирокчилари ва мутахассислар бу каби тахминларни рад этади. Росгвардия раҳбари Виктор Золотовнинг сўзларига кўра, ўша вазиятда «қурбонли якун»дан «қочиб қутилиб бўлмасди». Умар Ҳасановнинг адвокати эса «саҳналаштириш версияи»ни «ғирт уйдирма» деб ҳисоблайди. «Агар шавкатли орган ходимларининг хаёлига шундай фикр келганида, улар бу ишни тергов изоляторидаёқ қилган бўларди. Бунақа ишларни ўша ердан бошқа жойда зўр бажариш имконсиз, — дея тушунтиради юрист. — У ерда назоратдаги ‘зекълардан сўрасанг бас. Оддий камерада ким ўлдирганини деярли ҳеч қачон топишмайди. Шундай экан, уларни йўқ қилиш қарори мавжуд бўлгани эҳтимоли паст».
«Миш-мишлар жуда кўп, лекин ўйлаб қаралса, суд қарорисиз қасос олиш учун бундай нозик услубдан кўра анча соддароқ йўлни ҳам танлаш мумкин эди», — дея хулоса қилади Росгвардия раҳбари ўринбосари Сергей Меликов.
Тўданинг отишмадан омон қолган ягона вакили — Ҳазратхон Додохонов — ўқотар қуролдан орттирган бош жароҳати билан касалхонага ётқизилган. Анча кейин уни барибир судга олиб келишди, у бирор сўз айтгани йўқ — бирор нимага муносабат ҳам билдирмади. Психиатрия экспертизаларидан бирида у наркоздан сўнг ўзига келгач, «ортида маҳлуқ турганини, ичига эса у билан гаплашаётган жин кириб олганини» айтиб ўтган эди.
Додохоновнинг ота-онаси сўзларига кўра, қўлга олинганидан кейин тўрт йил давомида улар бирор марта фарзанди билан гаплаша олмаган. «Ўйлашимча, буларнинг бари биз, ота-онаси ёнида бўлмаганимиз учун содир бўлди», — дейди унинг отаси.
Август ойи бошида суд тўданинг тўрт аъзосига нисбатан умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади; йўлга қараб турган Ғуломов эса 20 йил олди. Тўдага алоқадор яна уч киши эса халқаро қидирувга берилди.
Тўданинг икки аъзоси Россиядан чиқиб кетишга муваффақ бўлган, бироқ суддан қочиб қутила олмади. Муроджон Каримов «GTA тўдаси»га алоқадор бўлмаган бошқа, экстремизм иши бўйича 19 йилга қамалди. 38 ёшли Фаррухжон Аъзамжонов эса 2015 йили Тожикистонда қўлга олинган. Тожикистон ИИВ маълумотларига кўра, у «GTA тўдаси» фаолиятида қатнашиш билан бирга Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларини ИШИД сафига оғдириш билан ҳам шуғулланиб келган.
Изоҳ (0)