Бироз аввал футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эктор Купер бошчилигида Тошкентда илк йиғинни бошлагани ҳақида хабар берилганди. ЎФА матбуот хизмати аргентиналик мутахассис билан қисқа интервью уюштириб, бўлажак йиғин ва таркибга жалб қилинган футболчилар ҳақида суҳбатлашди.
— Жаноб Купер, йиғинга футболчиларни жалб қилишда нималарга асосландингиз?
— Биринчи навбатда, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионати саралашидан ўрин олган барча учрашувларини кўриб чиқдим. Шунингдек, бу йил ўтказилган ўртоқлик учрашувларининг видеоёзувини ҳам ёрдамчиларим билан таҳлил қилдик. Ана шу учрашувларда қатнашган футболчиларни дастлабки йиғинга таклиф қилишга қарор қилдик. Йиғин давомида футболчилар билан яхшироқ танишиб, улар ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўламиз. Шундан келиб чиқиб миллий терма жамоанинг асосини шакллантириб борамиз.
— Демак, дастлабки йиғинга чақирилган футболчилар асосий таркибдан жой олиш учун рақобатга киришишлари керак бўлади, тўғрими?
— Ҳа, албатта. Йиғинга чақирилди дегани асосий таркибдан жой кафолатланди дегани эмас. Йиғин давомида бизни қониқтирмаган футболчиларга жавоб бериб юборилади. Шунингдек, Ўзбекистон Суперлигаси учрашувларини мунтазам кузатиб бориш орқали, миллий чемпионатдан ҳам футболчилар келаси йиғинларга таклиф қилинади. Бунинг устига, Олимпия терма жамоасида тўп сураётган футболчилар бор. Улардан ҳам миллий терма жамоага бир қатор футболчиларни чақирамиз.
— Олимпия терма жамоаси ҳақида сўз очдингиз. Индонезияда бўлиб ўтаётган Осиё ўйинларини кузатиб боряпсизми?
— Албатта, кузатиб боряпман. Олимпия терма жамоаси жуда яхши шаклланган, кучли футболчилардан иборат. Бу жамоадан бир қатор футболчиларни кўз остимга олиб қўйдим. Уларни кейинги йиғинларга жалб қиламиз. Асосийси, футболчининг йиғин пайтидаги жисмоний ва функционал ҳолатига кўп нарса боғлиқ. Бунинг устига, термага таклиф қилинган футболчи менинг услубимга мос келиши керак. Мана шу икки жиҳат футболчиларнинг миллий терма жамоада ўйнаб кетишида энг асосий омил ҳисобланади.
— Миллий терма жамоамиз сентябрда Сурия ва Эрон билан, октябрда Қатар ва Шимолий Корея билан ўйнайди. Танланган рақиблар ҳақида фикр билдириб ўтсангиз.
- Албатта, ўртоқлик ўйинлари учун танланган рақиблардан тўла қониқиш ҳосил қилдим. Ҳозир рақибларни кучли ёки кучсизга ажратиб ўтирадиган пайт эмас. Муҳими, ўз ўйин услубимизни йўлга қўйиб, асосий таркибни шакллантиришимиз керак.
Изоҳ (0)