Жорий йилнинг 15—17 август кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида робототехника бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Конференция доирасида мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг робототехника лойиҳалари танлови ҳам ташкил этилди. Танловда жаҳоннинг 20 дан зиёд мамлакатидан 350 дан ортиқ бола иштирок этди. Ўзбекистонлик Ситора Исламова (2006 йилда туғилган) ва Артем Долгановский (2012 йилда туғилган) «Ижод» йўналишининг «Шаҳар» номинациясида олтин медаль ва «Олтин совға» кубогини қўлга киритди.
Уларнинг «Робот-официант»и меҳмонларга ўзбек ноз-неъматлари ва ширинликларини етказиб бериш маҳоратини кўрсатган бўлса, иккинчи робот «Андижон полькаси» рақсини ижро этиб, йиғилганлар эътирофига сазовор бўлди. Ҳайъат баҳолашда креатив дизайн, роботнинг барқарорлиги, буйруқларни аниқ бажариш қобилияти каби мезонларга таянди. Шуни қайд этиш жоизки, ўзбекистонликлар танловда иштирок этган Марказий Осиё минтақасидан ягона жамоа ҳисобланади.
Хитойдан қайтиб келган Ситора Исламова ва Артем Долгановский 30 ноябрь — 1 декабрь кунлари Таиландда ўтказиладиган нейротехнологиялар ва робототехника бўйича халқаро танловга тайёргарлик ишларини бошлаб юборган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги жамоага барча зарур шароитларни яратиб беради.
Маълумот учун, шаҳар ҳокимлиги томонидан Турин политехника университетида болалар боғчалари тарбиячилари ва педагоглар учун робототехника курслари ташкил қилиб келинмоқда.
Изоҳ (0)