Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг АҚШ Хусусий хорижий инвестициялар корпорацияси (OPIC) вице-президенти Д. Бохигиэн бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати маълум қилди.
Меҳмонлар мамлакатда ўз фаолиятини қайта бошлаган Хусусий хорижий инвестициялар корпорацияси — АҚШ ҳукумати ҳузуридаги агентликнинг мақсади Ўзбекистон бозорига маблағлар киритишда америкалик тадбиркорларга кредитлар ва кафолатлар бериш орқали кўмаклашишдан иборат эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, корпорация хусусий ва бошқариладиган инвестиция жамғармаларини ташкил этишни ҳам қўллаб-қувватлайди. Капитал билан қўллаб-қувватлашдан ташқари, OPIC ривожланаётган мамлакатларга бошқарув кўникмалари ва молиявий экспертизадан фойдаланишда ҳам ёрдам кўрсатади. Бу ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий тараққиётни кенгайтиришда ҳамда тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратишда муҳим омил ҳисобланади.
Суҳбат чоғида корпорация вакиллари мамлакатда сиёсий ва иқтисодий вазият барқарорлиги ҳамда инвесторлар хавфсизлиги мустаҳкам таъминланаётганлиги туфайли Ўзбекистон бозорига капитал киритиш истиқболли эканлигини қайд этди.
Маълумот учун, бугунги кунда корпорация активлари 20 миллиард долларни ташкил этади. OPIC жаҳоннинг 160 та ривожланаётган мамлакатида фаолият олиб боради ва ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма, телекоммуникациялар, молиявий хизматлар, уй-жой бозори ва қишлоқ хўжалиги каби турли соҳаларда бизнесни молиялаштиришда кўмак беради.
Изоҳ (0)