Республика олий таълим муассасаларининг сиртқи таълим шаклига кириш тест синовларининг биринчи куни икки сменада ўтказилди. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.
Қайд этилишича, 17 август кунги имтиҳонларда 28 та олий таълим муассасасининг 55 та таълим йўналишида 49 минг 984 нафар абитуриент иштирок этган. 2263 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларига келмаган.
Тест синовлари тартиб-қоидаларини бузганлиги сабабли 145 нафар абитуриент, шундан 71 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб кириш ва ўзганинг ўрнига кириш, 74 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланиш ва бошқа абитуриентларга ёрдам беришга уринганлиги учун имтиҳонлардан четлаштирилди.
Натижаларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкентдан Давлат тест марказига қайтариш соат 18:30 дан бошланди. Сўнгги материаллар Бухоро вилоятидан кечаси соат 24:00 да етиб келди.
17 август куни ўтказилган тест натижалари 18 август куннинг иккинчи ярмида Давлат тест маркази сайтида эълон қилинади.
Маълумот учун, Республикада олий таълим муассасаларининг сиртқи таълим шаклига тест синовлари 17—20 август кунлари ўтиши белгиланган.
Изоҳ (0)