Юнусобод туман маъмурий суди 11 август куни Aurum 898 тунги клубининг икки қўриқчисига доир ишни кўриб чиқди. Бу ҳақда, ўз манбаларига асосланиб, «Kun.uz» хабар бермоқда.
Ҳар иккала қўриқчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси («Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик») 1-қисми ва 195-моддасида («Милиция ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш») назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбланган.
Ҳар икки қўриқчига энг кам иш ҳақининг бир баробари (9 август ҳолатига кўра — 184 300 сўм) жарима ва 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Қарор ижроси Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ИИБ ходимларига юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, 9 августга ўтар кечаси Юнусободдаги Aurum 898 тунги клубида эркин курашчи Жамшид Кенжаев ва клуб қўриқчилари ўртасида жанжал юз берган. Оқибатда Жамшид Кенжаев олган жароҳатлари сабаб касалхонада вафот этган.
Ҳодиса юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида тунги клубнинг тўрт қўриқчиси — Ш.Қиличев, С.Камолиддинов, Ж.Ёрқулов ва А.Ҳамроев эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Агар айбдор деб топилса, Ш.Қиличев 15 йилгача, қолган уч қўриқчи эса уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Маълумот учун, 13 август куни Aurum 898 тунги клуби фаолияти тўхтатилгани, клуб пештоқидан унинг номи, атрофидан реклама баннерлари олиб ташлангани маълум бўлди.
Изоҳ (0)