Normaтив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида халқ табобатини ривожлантириш бўйича Президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжатда халқ табобатининг назоратсиз фаолият кўрсатиб келаётгани қатор муаммоларни туғдираётгани, жумладан, табиблар ва уларнинг иш тажрибаси ҳақида маълумотлар умумлаштирилмагани, табибларнинг мижозлар саломатлигига етказилган зарар учун масъулияти мустаҳкамланмагани қайд этилган.
Шу муносабат Соғлиқни сақлаш ва Адлия вазирликларига 2019 йил 15 октябргача Халқ табобати ассоциациясини ташкил этиш ва рўйхатдан ўтказишни топшириш режалаштирилмоқда.
Мазкур ассоциация ўзбек халқ табобати меросини ўрганиши, халқ табобати вакилларининг ягона реестрини шакллантириши, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириши ва назорат қилиши, халқ табобатини соғлиқни сақлаш тизимида ўз ўрнини топишига кўмаклашиши кўзда тутилган.
Қарор лойиҳаси муҳокамаси 25 августгача давом этади.
Изоҳ (0)