Окинавада 70 минг аҳоли АҚШ авиабазасининг оролнинг бир жойидан иккинчи жойига кўчирилишига қарши норозилик намойишига чиқди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Намойиш иштирокчилари марказий ҳукуматни ҳарбий базани кўчириш қароридан қайтишга чақирувчи баёнот қабул қилди. Намойишчиларнинг фикрича, америкалик ҳарбийлар оролнинг бир жойидан иккинчи жойига кўчишлари эмас, балки оролдан бутунлай кетишлари лозим.
Норозилик намойиши қатнашчилари чоршанба куни саратондан вафот этган Окинаванинг собиқ губернатори Такеши Онагани ҳам хотирлаган. Онага фаолияти давомида АҚШнинг Футемма базасини Окинавадан олиб чиқишни талаб қилиб келган, бироқ бу Япония ҳукматининг АҚШ билан мажбуриятларига зид эди.
Қайд этиш жоиз, норозилик намойишида Окинаванинг амалдаги губернатори ўринбосари Киичиро Яхана ҳам қатнашган. У Футемма ҳарбий базасини префектура ҳудудидан чиқариш йўлидаги курашни давом эттиришини маълум қилган.
Окинава Япония ҳудудининг 0,6 фоизини ташкил этади, бироқ Япониядаги Америка ҳарбий объектларининг 74 фоизи ва мамлакатдаги АҚШ ҳарбий хизматчиларининг ярмидан ортиғи шу оролда жойлашган. Префектура маъмурияти маълумотларига кўра, Окинавада 26 минг америкалик ҳарбий хизматчи ва уларнинг 19 мингдан ортиқ оила аъзолари, яқинлари истиқомат қилади.
Изоҳ (0)