13 августидан 23 августига қадар Қорақалпоғистоннинг Беруний, Элликқалъа, Амударё ва Шуманай туманларида «Инсон хавфсизлигини таъминлаш учун қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш» мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтади. Бу ҳақда UNDP (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тараққиёт дастури) нинг Тошкентдаги ваколатхонаси матбуот хизмати «Дарё»га хабар бермоқда.
Тадбир UNESCO’нинг Тошкентдаги ваколатхонаси томонидан ташкил қилинган.
Маълум қилинишича, семинар-тренинг БМТнинг «Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш» ҳамкорликдаги дастурини амалга ошириш доирасида режалаштирилган.
Тренинг ёш фермерлар, қишлоқ маъмурияти вакиллари, аграр коллежлар ўқитувчилари учун ташкил қилинган. Икки кун давом этадиган тренингда инсон хавфсизлиги концепцияси, экологик, энергетик ва озиқ-овқатга оид хавфсизлик, ер ва сувдан самарали фойдаланиш амалиёти каби мавзулар муҳокама қилинади.
Изоҳ (0)