Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қатар ташқи ишлар вазирлигининг Осиё ишлари бўйича департаменти бошлиғи Холид Иброҳим ал-Ҳамар раҳбарлигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қатарнинг етакчи вазирлик ва идоралари, иқтисодий тузилмалари раҳбарларидан иборат нуфузли делегацияси 16 июль куни мамлакатга келди ва Ўзбекистон ҳукумати делегациянинг 2018 йил 2—4 июль кунлари Доҳа шаҳрига сафари чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилмоқда.
Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон—Қатар кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссияни тузиш ва ишга тушириш, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг иккинчи раундини ўтказишга розиликларини тасдиқлади.
Ўзбекистон раҳбарияти Қатар фуқаролари учун ҳам учинчи давлатга транзит орқали кетаётганда мамлакат ҳудудида 5 кун визасиз бўлиш имконияти яратилгани Қатарда мамнуният билан қабул қилинди.
Қатар делегациясига 2018 йил 6—10 сентябрь кунлари Шаҳрисабзда бўлиб ўтадиган биринчи халқаро мақом санъати форумига таклифнома тақдим этилди.
Учрашувда, шунингдек, айрим халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Афғонистондаги халқаро конференция иштирокчилари томонидан маъқулланган Тошкент декларациясини амалга оширишда Ўзбекистон—Қатар ҳамкорлигига ижобий баҳо берилди ва бу йўналишда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишиб олинди.
Изоҳ (0)