Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия штатида мамлакат бош вазири Нарендра Модининг митинги давомида чодирнинг қулаши оқибатида жабрланганлар сони 90 кишига етди. Бу ҳақда Hindustan Times газетаси хабар бермоқда, деб ёзади «РИА Новости».
«Жами 90 киши, жумладан, 66 нафар эркак ва 24 нафар аёл киши шифохонага ётқизилган. 14 кишига дастлабки кўрикдан сўнг уйга рухсат берилган. Икки киши оғир аҳволда», — дейди Миднапор округи тиббиёт коллежи ва клиникаси раҳбари.
Бош вазир ва Ҳиндистон халқ партияси етакчилари жабрланмаган.
Миднапор округи полицияси раҳбари чодирнинг қулаши юзасидан суриштирув ўтказилишини маълум қилди.
Чодир Нарендра Модининг митингида одамларни ёмғирдан пана қилиш учун ўрнатилган эди. Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, партиянинг кўплаб тарафдорлари митинг чоғида чодир устига чиқиб олган ва бу унинг қулашига сабаб бўлган.
Митингдан сўнг Моди жабрланганлар аҳволидан хабар олиш учун шифохонага ташриф буюрди ва улардан баъзилари билан суҳбатлашди.
Изоҳ (0)