Сомали пойтахти Могадишодаги икки портлаш оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлди, яна бир неча киши тан жароҳати олган, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
Хабар беришларича, Могадишодаги президент саройи олдида ичига портловчи ускуна ўрнатилган автомобиль портлаган. Портлашдан сўнг Сомали хавфсизлик кучлари ва президент саройига бостириб киришга уринган жангарилар ўртасида отишма келиб чиққан. Кўп ўтмай, сарой олдида иккинчи автомобиль портлатилган.
Ҳарбийлар ва жангарилар ўртасидаги отишма тахминан бир соатга яқин давом этган. Камида уч нафар жангари йўқ қилинган. Қайд этишларича, ушбу ҳужум учун жавобгарликни «Аш-Шабоб» террорчилик ташкилоти ўз зиммасига олган.
Сомалида фаолият юритувчи «Аш-Шабоб» гуруҳи «Ал-Қоида» халқаро террорчилик ташкилоти билан яқиндан ҳамкорлик қилади. У Сомали марказий ҳукуматига қарши курашиб, БМТнинг ҳудуддаги гуманитар фаолиятига халал беришга ҳаракат қилади.
Мазкур гуруҳ 2008 йили АҚШ ҳукумати томонидан террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритилган.
Изоҳ (0)