7 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ботир Асадов ТИВда йиғилиш ўтказди. Унда ТИВ марказий девонининг тузилмавий бўлинмалари, шунингдек, видеоалоқа орқали хориждаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари иштирок этди, деб ёзади ТИВ матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёевнинг хориж сармояларини жалб қилиш ва ўзлаштириш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар иши самарадорлигига берган танқидий баҳоси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 26 июндаги 478-сонли «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, жойларда ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг фаол инвестицион сиёсатни амалга оширишдаги масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг мазмун ва моҳияти ҳақида мажлис иштирокчиларига маълумот берилди.
Таъкидланганидек, хориж инвестицияларини, аввало хорижнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилиш Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарининг муҳим ва устувор вазифасидир.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти билдирган камчиликларни бартараф этиш, топшириқларни сўзсиз ҳал этиш йўллари ва усуллари юзасидан очиқдан очиқ фикр алмашилди. Шунингдек, мамлакатнинг бириктирилган минтақалари ва иқтисод тармоқлари билан самарали ишларни фаоллаштириш топшиғи берилди.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 3 июлдаги йиғилиши баёнига мувофиқ хорижий инвесторларнинг инвестицион таклифларини очиқ муҳокама қилишнинг ягона майдончаси кўринишида тадбиркорлик субъектларининг давлат бошқаруви органлари билан тўғридан-тўғри мулоқоти механизмини киритиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида йиғилиш иштирокчиларига маълум қилинди.
Изоҳ (0)