Дастлабки кўп ҳужайрали ҳайвонлар Ернинг бирламчи океани тубида йиғилган органик моддаларнинг улкан захирасини йўқ қилиб юборган. Бу эса тахминан 500 миллион йил аввал кучли глобал иқлим исишини келтириб чиқарган. Бу ҳақда Nature Communications журналига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Журналда қайд этилишича, океан тубида ёмғир чувалчанги каби доимий равишда уни «қайта ағдарадиган» жонзотлар мавжуд. Тупроқ биотурбацияси мавжуд бўлмаган ўша даврда уларнинг пайдо бўлиши Ернинг бутун қиёфасини тубдан ўзгартириб юборган бўлиши керак.
Замонавий ҳайвонлар гуруҳларининг катта қисми 540—520 миллион йил аввал — кўп ҳужайрали мавжудотлар сонининг ошиши ва эволюциянинг тезлашиши юз берган «кембрий портлаши» даврида пайдо бўлган. Ўша вақтда чувалчанглар, ҳашаротлар, балиқлар ва бошқа умуртқали ҳайвонларнинг аждодлари пайдо бўлган.
Олимлар ўтказган тадқиқотларга кўра, юз миллионлаб йиллар давомида океан тубида йиғилган органик моддалар ёмғир чувалчангларига ўхшаш ҳайвонларнинг дастлабки аждодлари томонидан тўлалигича «еб қўйилган».
Натижада нафақат тупроқ ва сувнинг остки қатламлари таркиби, балки Ернинг улкан миқдордаги углерод газлари, метан ва бошқа иссиқхона газлари тушадиган атмосферасининг таркиби ҳам кескин ўзгариб кетган.
Изоҳ (0)