Тошкент шаҳар ИИББ пост-патруль хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси пост-патруль хизмати бригадаси тузилмасида ташкил этилган отлиқ отряд пойтахтдаги дам олиш масканлари ва сайилгоҳларда назоратни олиб бормоқда. Бу ҳақда UzReport хабар берди.
Ушбу отряд Алишер Навоий номли кутубхона, Hyatt меҳмонхонаси ва унинг атрофидаги кўчаларда ҳам патруллик қилмоқда. Уларнинг иш вақти ҳар куни соат 17:00 дан бошланади.
Отлар Германия ва Испаниядан келтирилган бўлиб, улар ҳар қандай шовқин-суронга кўникма ҳосил қилган. Автомобилларнинг товушли ишоралари, гавжум одамларнинг ҳаракатлари отларни ҳуркитмайди.
Ҳозирда шахсий таркибни ўқитиш, уларнинг билим савияси, жанговар шайлиги, от миниш кўникмалари, хизмат йўналишида қайси тартибда ҳаракатланиши бўйича ҳам дарслар мунтазам ўтказилмоқда.
Отлиқ патруль хизмати ходимлари фуқароларга тез тиббий ёрдам кўрсата олади. Хорижлик сайёҳларга маълумотлар тақдим этиб, қизиқтирган саволларига жавоб беради.
Изоҳ (0)