Нукус тумани, «Саманбай» ОФЙда яшовчи И.Е. ўзининг 2013 йилда туғилган қизини 5-болалар боғчасига жойлаштириш учун туман давлат хизматлари марказидан 14 май куни олган йўлланмани тақдим этганида мазкур муассаса раҳбари «бўш жой йўқ» деган сабабни рўкач қилиб, шу кунгача қизни болалар боғчасига қабул қилишни рад этиб келган. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги Нукус туман адлия бўлими «KRuz.uz»га маълум қилди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган «Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти»нинг 21-бандида болаларни муассасага қабул қилиш йўлланмалар келиб тушган ёки тақдим этилган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида, белгиланган тартибда расмийлаштирилади, деб кўрсатилган.
Юқоридаги ҳолатда ушбу регламент меъёрлари бузилган.
Мазкур ҳолат юзасидан мурожаат Нукус тумани адлия бўлими томонидан ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилиши натижасида фуқаро И.Е.нинг қизи 5-болалар боғчасига қабул қилиниши таъминланди
Мурожаатни ўрганиш давомида аниқланган ҳолатлар бўйича Нукус туман мактабгача таълим бўлимига қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Изоҳ (0)