Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Термиз филиали иш бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тиббиёт ходимлари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этган тадбирда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори З. Сиддиқов ва бошқалар мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, кўрсатилаётган тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Шифохонада йўлга қўйилган телемедицина мамлакатимиз ва хориждаги клиникалар билан ҳамкорлик қилиш имкониятини кенгайтиради. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган мобил офталмологик мажмуа вилоятнинг чекка ҳудудларидаги аҳолини малакали тиббий диагностика билан қамраб олиш кўламини янада оширишга хизмат қилади.
Тиббиёт муассасасида беморлар учун зарур қулайликлар яратишга вилоят ҳокимлиги ҳам алоҳида аҳамият берди. Ҳудуднинг иссиқ иқлими эътиборга олиниб, хоналар қуёш нуридан ҳимояловчи пардалар, совутгич билан таъминланди, деразаларга декоратив ҳимоя металл тўсиқлар ўрнатилди. Ҳар бир даволаниш хонасида беморлар учун алоҳида ювиниш хонаси ва бошқа қўшимча хоналар барпо этилди. Бунинг учун 300 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Бундай қулайликдан мижозлар ҳам жуда мамнун.
Жорий йилда шифохона қарийб 500 минг долларлик замонавий ускуналар билан қайта жиҳозланади.
Изоҳ (0)