Республика ишчи гуруҳи 11—18 июнь кунлари Фарғона вилояти Қўштепа туманида аҳолининг турмуш шароитлари билан танишди, деб ёзмоқда ЎзА.
Мутахассислар 11 та гуруҳга бўлиниб, 51 та маҳаллада хонадонма хонадон кириб аҳоли билан мулоқотда бўлди. Натижада 7854 та муаммоли ҳолат қайд этилди. Шундан 5896 та муаммо бартараф этилган бўлса, 1958 таси бажарилиш жараёнида турибди.
Ишчи гуруҳга келиб тушган шикоятлар таҳлили шуни кўрсатдики, туман аҳолисини энг кўп ташвишга солаётган муаммо газ билан боғлиқ. Бу борада жами 1647 та шикоят ёзиб олинган. Камчиликларни бартараф этиш мақсадида 46 та маҳаллага 2226 дона маиший газ баллонлари ҳамда 160,2 тонна суюлтирилган газ тарқатилди.
Аҳолини иш билан таъминлаш бўйича ишчи гуруҳга 943 та мурожаат келиб тушган. Натижада сайёр меҳнат ярмаркалари ташкил этилди ва 261 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Соғлиқни сақлаш соҳасига оид 680 та шикоят билдирилди. Шикоятлар асосида туман фуқароларининг 15 291 нафари тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди. Шу жумладан, 571 нафар ногирон, 1351 нафар пенсионер, 1658 нафар бошқа тоифадаги шахсларнинг хонадонларига бориб, тиббий кўриклар ташкил қилинди. Тиббий кўрикдан ўтказилганларнинг 5435 нафарида, яъни 35,5 фоизида турли касалликлар аниқланди. Ногиронлиги бор шахсларга 50 та аравача, 5 та қўлтиқтаёқ, 11 та эшитиш аппарати тақдим қилинди. 10 нафар фуқарога ногиронлик гуруҳи белгиланди.
Ишчи гуруҳ томонидан ичимлик суви борасида 566 та мурожаат ёзиб олинди. Натижада 12 километрлик қазиш ишлари бажарилди. 3 километрлик тармоқ тортилди, 4 та сув минораси, 7 та сув насоси таъмирланди, 4 та қудуқ тозаланди.
Йўлларни таъмирлаш бўйича ишчи гуруҳга келиб тушган 360 та шикоят асосида 21,4 километрлик йўл қум-шағал аралашмаси билан қопланди.
329 та мурожаатда электр энергияси билан боғлиқ муаммолар акс этган. Шикоятларга асосан, 32 та маҳаллага 510 та таянч бетон устунлари келтирилиб, уларнинг 390 таси тўлиқ ўрнатилди. Хўжақишлоқ, Сармазор, Карнайчи, Қоражийда ва Ғиштмон маҳаллаларига 5 та трансформатор пунктлари ўрнатилди.
Мелиорация бўйича ишчи гуруҳга 40 та мурожаат келиб тушган. Аҳоли ер ости сувларининг кўтарилиб, томорқа хўжаликларидан фойдаланишга жиддий тўсиқ бўлаётганидан шикоят қилган. Мурожаатлар асосида Йўлдошобод, Дўрмон, Намуна, Қизилариқ, Пахтакор, Катта Болтакўл, Қумтепа, Кўприкбоши маҳаллаларида 5,1 километрдан ортиқ зовур тармоқлари тозаланди. 6 та тик қудуқда таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 127 гектар майдондаги сизот сувларнинг пасайишига эришилди.
Изоҳ (0)