NASA’нинг баҳолашича, астероидлардан олиш мумкин бўлган ресурсларнинг умумий қиймати Ернинг бир фуқаросига 100 миллиард долларни ташкил этади, деб ёзади Hi-tech.Mail.ru.
Кобальт, платина, олтин, никель, темир — Ерда ноёб бўлган бу металларнинг барчасини фазодан олиш мумкин. Халқаро корпорациялар аллақачон космик фойдали қазилмалар бозори учун курашга тайёргарлик кўрмоқда.
Deep Space Industries компанияси бир неча йилдан кейин астероид қазилма бойликларини разведка қилиш учун биринчи зондни учиришни режалаштирмоқда. Компания таҳлилчиларининг башоратига кўра, 2030 йилга келибоқ, астероид фойдали қазилмалари бозори ҳажми 1,5 миллиард долларни ташкил этади. Фирма ўз аппаратлари учун аллақачон сув буғида ишловчи махсус двигатель ишлаб чиққан.
Ҳали мавжуд бўлмаган бозорга йирик инвестиция компаниялари қизиқиш билдирмоқда. Goldman Sachs компанияси космосда фойдали қазилмаларни қазиб олишни ривожлантириш истиқболлари тўғрисида 98 саҳифалик ҳисобот тайёрлади.
Космосда металлар қазиб олишнинг қанчалик тез бошланиши NASA’нинг Психея астероидидаги тажрибасига боғлиқ. Унинг таркибидаги темир 10 000 квадриллион долларга баҳоланмоқда. Агентлик муҳандислари Психеяни Ерга олиб келиш усулларини ишлаб чиқмоқда.
Изоҳ (0)