Тошкент вилоятида йўл-транспорт ҳодисалари салмоғини камайтириш, ҳайдовчилар ҳушёрлигини ошириш ва йўл ҳаракати иштирокчиларини ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида янги намунадаги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари ўрнатилди. Бу ҳақда «Дарё»га Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати маълум қилди.
Жумладан, бундай воситалар «Бектемир—Чорбог» автомобиль йўлининг Бордонкўл, Истиқлол маҳаллалари, «Янгибозор—Паркент» автомобиль йўлининг 3 ва 7-километрлари ҳамда «Тошкент—Олмалиқ» автомобиль йўлининг 29-километрида, Полвонак маҳалласи ҳудудида ўрнатилди.
Улар ҳозирги замон талабларига тўлиқ жавоб беради. Белгиланган тезликдан юқори ҳаракатланаётган автотранспорт тезлиги қайд этилиб, жарима солиш тўгрисида қарорлар чиқарилиб, фото илова қилинган ҳолда ҳайдовчи яшаш манзилига жўнатилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддаси талаблари асосида 60 кун муддат ичида жарималарни тўламаслик жарима тўлагунга қадар транспорт воситасини жарима майдонига қўйишга асос бўлади.
Йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчиларни аниқлашга мўлжалланган, автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари Тошкент вилоятининг бошқа асосий йўллари ҳамда шаҳар ва туманларида босқичма-босқич ўрнатилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)