«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида жамоа хўжаликларида ишлаб, нафақага чиққан шахсларга давлат томонидан тўланадиган нафақалар тизимини қайта кўриб чиқиш таклиф этилган мурожаат жойланди.
Мазкур таклиф муаллиф томонидан қуйидагича изоҳланди:
«Қонунчилигимизда жамоа хўжалиги (эски колхозлар)да ишлаб, нафақага чиққан шахсларга давлат томонидан нафақалар тайинлашда ноаниқликлар мавжуд. Яъни мазкур тоифадаги нафақахўрларга нафақа тайинлаш вақтида иш стажини ҳисоблашда бироз адолатсизлик билан ёндошилмоқда. Архив хужжатларига асосланган ҳолда жамоа хўжалигида ишлаган шахснинг 365 кунлик меҳнати бир йил ҳисобида кўрилмоқда. Натижада, агар жамоа хўжалиги аъзоси 25 йил ишлаган бўлса 11 йил, 37 йил бўлган бўлса 23 йил, 40 йил ишлаган бўлса 25 йил ҳисоблаб чиқарилмоқда. Ажабланарлиси, ушбу муддатдан келиб чиққан ҳолда нафақа миқдори тайинланмоқда. Узоқ йиллар умрини жамоа хўжалиги ишига бағишлаган оддий одамларга шу йўсинда пенсия тайинланиши адолатдан бўлармикан?»
Таклиф фойдаланувчилар томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, улардан бири шундай дейди: «Жуда ҳам ўринли мурожаат. Анча йиллар колхозларда яхши лавозимларда ишлаб, хозирги кунда арзимаган нафақа олаётганлар жуда кўп топилади».
Изоҳ (0)