«Ювентус»нинг швейцариялик ҳимоячиси Штефан Лихтштайнер янги мавсумни Лондоннинг «Арсенал» клубида бошлайдиган бўлди. 34 ёшли футболчи эркин агент сифатида «канонирлар» жамоасига келиб қўшилди. Бу ҳақда клубнинг Twitter’даги саҳифасида хабар берилди.
Эндиликда Турин клубининг собиқ футболчиси Англияда 12-рақам остида тўп суради.
Штефан «Ювентус»да 2011 йилдан бери тўп суриб келаётган эди. У бу орада 7 марта А Серияда чемпион бўлди, 3 марта Италия Суперкубогини қўлга киритиб, 4 марта Италия Кубогига эга чиқди.
Лихтштайнер сўнгги мавсум «Ювентус» сафида А Сериянинг 27 учрашувида майдонга тушиб, 2 та голли пас берди.
Шунингдек, «Арсенал»ни яқинда тарк этган испаниялик ярим ҳимоячи Санти Касорла «Вильярреал» билан шартнома тузди. «Вильярреал» ҳам Касорлани текинга ўз сафига қўшиб олди. Санти 2003—2006 ва 2007—2011 йилларда мазкур испан клуби шарафини ҳимоя қилган.
Изоҳ (0)