Шу пайтгача номаълум бўлган турга тааллуқли йиртқич динозавр скелети 4 июнь куни Париждаги Aguttes аукцион уйида кимошди савдосида 2,3 миллион долларга сотилди, деб ёзади «ТАСС». Скелетнинг узунлиги тўққиз метр, баландлиги 2,6 метрга етади.
Харидор франциялик бўлиб, у лотни сотиб олишга муваффақ бўлса, экспонатни оммага тақдим этишини айтган. «Уни ҳамма кўриши мумкин бўлади, тез орада у музейга қўйилади ва уни олимлар ўрганишни бошлайди», — деди аукцион уйи раҳбари Клод Агютт.
Харидор ва сотувчи (британиялик бизнесмен)нинг исм-шарифлари ошкор этилмаяпти.
Йиртқич динозаврнинг қолдиқлари 2013 йилда АҚШнинг Вайоминг штатидан топилган. Скелетнинг ёши 150 миллион йил деб баҳоланмоқда ва у яхши сақланган — археологлар суякларнинг қарийб 70 фоизини топишга муваффақ бўлган.
Изоҳ (0)