Asus компанияси Тайвань пойтахти Тайбэй шаҳрида бўлиб ўтаётган Computex 2018 кўргазмасида тачпад ўрнига тачскрин билан жиҳозланган ноутбукни тақдим этди. Янги ноутбук ZenBook номини олди. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар берди.
Тачпад ўрнига жойлаштирилган экраннинг ўлчами 5,5 дюймни ташкил қилади. У ёрдамчи вазифаларни бажаради: стандарт дастурларни тезкор ишга тушириш учун ёрлиқларни чиқаради.
Chrome браузерига махсус плагиан ўрнатилганидан сўнг у мини-дисплейда YouTube’дан видео намойиш этиши мумкин. Шунингдек, тачскриндан иккинчи экран сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.
Ишлаб чиқарувчи компания янги қурилмани «дунёдаги биринчи ақлли тачпад» сифатида тақдим этмоқда.
Ноутбук 15,6 дюймли дисплей ва 4K экранга эга. Унинг асосида Intel Core i9-8950HK процессори жойлашган. Шунингдек, Nvidia GeForce GTX 1050 Ti 4Gб видеотезлатгич ва 16 гигабайт оператив хотира ҳам бор. Унинг доимий хотираси бир терабайтга тенг.
Ноутбукнинг сотувга чиқиши жорий йилнинг июль ойи ўртасига мўлжалланган. Унинг бошланғич нархи 2299 долларни ташкил қилади.
Изоҳ (0)