31 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган китоб-альбом нашр этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Фармонга кўра, ўзбек халқининг 1941—1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк ғалабага қўшган муносиб ҳиссасини тарихий ҳужжатлар асосида кўрсатиш, фашизмга қарши жангларда қатнашган ўзбекистонликлар номини абадийлаштириш мақсадида ушбу тарихий воқеанинг 2020 йилда нишонланадиган 75 йиллигига бағишланган китоб-альбомни тайёрлаш ва нашр этиш ҳақидаги таклиф маъқулланган.Китоб-альбомни тайёрлаш ва нашр этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ташкилий қўмита тузилиши ва унинг асосий вазифалари белгиланди. Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари қаторига:
Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистон халқи кўрсатган мардлик ва жасорат, ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси ҳақида тарихий ҳақиқатни тиклаш ва уни келгуси авлодларга етказиш;
республика ва хорижий мамлакатлардаги архив ва музейларда сақланаётган мавзуга оид тарихий ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;
Иккинчи жаҳон уруши даврида фронтда қатнашган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган ўзбекистонликлардан уларнинг хотираларини ёзиб олиш, шахсий альбом ва кутубхоналарида сақланаётган тарихий материалларни тўплаш;
аҳолининг шахсий кутубхоналарида сақланаётган, тарихий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар, ўша даврга оид ноёб суратларни тўплаш ва нашрга тайёрлаш;
уруш йилларида Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи, мамлакатга кўчириб келтирилган ҳамда янги қурилган завод ва фабрикалар ҳақида маълумотлар йиғиш ва бошқалар киритилди.
Ташкилий қўмитага китоб-альбомни юқори савияда тайёрлаш ва нашр этиш учун вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари ва мутахассисларини, экспертларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари вакилларини жалб этиш ҳуқуқи берилди.
Китоб-альбомни тайёрлаш ва нашр этиш билан боғлиқ барча харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Абдулла Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов зиммасига юклатилди.
Изоҳ (0)