Москва шаҳридаги Третьяков галереясида Иля Репиннинг «Иван Грозний ва унинг ўғли Иван 1581 йил 16 ноябрда» номли картинасига зарар етказган вандал асли ўзбекистонлик бўлиб чиқди, деб ёзади Sputnik.
Куни кеча полиция ойнаванд асарга метал тўсиқ устуни билан зарбалар берган ва асарга зарар етказган 37 ёшли Игорь Подпоринни ҳибсга олган эди. Ҳуқуқ-тартибот органлари маданий мерос объектига зарар етказиш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатди. Эркак уч миллион рубль (48 минг доллар)гача жаримага тортилиши ёки уч йиллик қамоққа ҳукм қилиниши мумкин.
Унинг акаси Виталий Подпориннинг сўзларига кўра, уларнинг оиласи 90 йилларда Ўзбекистондан Воронеж вилоятининг Александровка қишлоғига кўчиб келган. Игорь қишлоқдан иш топган, Виталий эса пойтахтга кетган.
Сўнгги ярим йилдан буён Игорь касалманд ота-онаси ҳақида қайғуриб келган, бу акасининг фикрича, унинг руҳиятига таъсир қилиб, Третьяков галереясидаги ҳодисага сабабчи бўлган.
Изоҳ (0)