Мудофаа вазирлиги марказий ҳарбий клиник госпиталида 3 қаватдан иборат травматология ва ортопедия бўлими капитал таъмирдан чиқиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Дарё»га вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Бўлимнинг очилиш маросимида Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, ҳарбий шифокорлар ҳамда тиббиёт ходимлари иштирок этди. Сўзга чиққанлар бугунги кунда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш бўйича амалга оширилган салмоқли ишлар, ҳарбий тиббиёт соҳасидаги эришилган ютуқлар хусусида тўхталиб ўтди.
Мазкур бўлим беморларга сунъий бўғимлар қўйиш, пай тикиш ҳамда совуқ урган ва куйганларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Умуртқа, бўғим, пай касалликлари билан оғриган ва тан жароҳати олган 37 та беморга мўлжалланган хона ва уларнинг ётиб даволаниши учун барча қулайликлар яратилган.
Бўлимни капитал таъмирлаш ишларига 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
Яқин кунлар ичида бўлимга артроскопия (операция жараёнини экранда кузатиш асбоби), операция анжомлари ҳамда кўчма рентген аппаратини олиб келиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)