19—23 май кунлари Европа Иттифоқининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича Кенгаши ишчи гуруҳи делегацияси Ўзбекистонда бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев делегация аъзолари билан учрашув ўтказди. Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди.
– Биз Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни бевосита кўриш, уни ҳудудлар миқёсида ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадида келдик, – деди Европа Иттифоқининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича Кенгаши ишчи гуруҳи раҳбари Ютта Эдтҳоффер. – Мамлакатингизда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз. Ушбу ташриф Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонамиз. Бу ҳамкорлик нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё давлатлари учун ҳам муҳим.
Учрашувда томонлар халқаро ва минтақавий сиёсатнинг ўзаро манфаатли жиҳатларига доир масалалар юзасидан фикр алмашди.
– Ўзбекистонга илк бор келишим, – деди Эстония вакили Регина Паланди Паджу. – Биз ишчи гуруҳ билан Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлдик. Тарихий шаҳарлар, бетакрор юртингиз бизда катта таассурот қолдирди. Қатор вазирлик ва идораларда музокаралар ўтказдик. Юртингиз барча соҳада, айниқса, туризм йўналишида улкан салоҳиятга эга эканига гувоҳ бўлдик.
Делегация Иқтисодиёт, Ташқи савдо вазирликлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтига ҳам ташриф буюрди.
Изоҳ (0)