Европа инвестиция банки (ЕИБ) Ўзбекистонда энергия тежаш ва сув таъминоти соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 100 миллион евро ажратади. Бундан ташқари ЕИБ «Ўзавтосаноат»нинг Peugeot Citroen билан биргаликдаги қўшма корхонасига 60 миллион евро сармоя киритади. Бу ҳақда банк вице-президенти Васил Худакка асосланиб, Spot хабар берди.
Вице-президентнинг таъкидлашича, ажратиладиган сармоянинг умумий қиймати 500 миллион еврони ташкил этади. Маблағлар ҳадли кредитлар орқали йўналтирилади.
«Ўзбекистон ҳукумати билан пул тикиш мумкин бўлган конкрет лойиҳаларни муҳокама қилмоқдамиз. Энергия тежаш тизимида қайта тикланувчи энергия манбалари устида иш олиб бораётган кичик ва ўрта корхоналарга сармоя киритишни режалаштиряпмиз. Ҳукумат билан сув хўжалигини бошқариш соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Чекка-чекка туманлардаги аҳолини сув билан таъминлаш ниятидамиз», — дейди Васил Худак.
Шунингдек, ЕИБ Ўзбекистон ҳукумати билан музокараларда шаҳарлар инфратузилмасини, жумладан, Андижонни ривожлантириш, маҳаллий давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, шаҳарларнинг иситиш тизимларини ривожлантириш масалалари билан шуғулланиш имкониятларини муҳокама қилади.
Изоҳ (0)