Шайхонтоҳур туман прокурори жорий йилнинг биринчи чорагида олиб борган ишлари юзасидан халқ депутатлари туман кенгашида ҳисобот берди. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди.
Унда Шайхонтоҳур туман прокурорига бириктирилган 2-секторда амалга оширилган ишлар, аниқланган муаммолар, ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрсатилган амалий ёрдамлар муҳокама этилиб, иккинчи чоракда амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида ишчи гуруҳ аъзолари 2200 га яқин хонадонда бўлиб, 171 та муаммоли хонадонни аниқланди. Уларнинг аксарияти ободонлаштириш, тиббий ёрдам, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам ва ХУЖМШлар билан боғлиқ бўлиб, 100 га яқини жойида ҳал этилди.
Сектор ҳудудидаги 1,2,3,4-сонли кўп қаватли уйлар, 5,6,7,8 уйлар оралиғида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилган. Аҳоли учун 4 та фаввора, ҳовуз ва болалар майдончалари қурилиб, ўриндиқлар қўйилди. Шунингдек, туман прокуратурасининг ташаббуси билан сектордаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга мунтазам амалий ёрдам берилмоқда.
Секторда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш чоралари ҳам кўрилмоқда. Хусусан, туман прокуратураси ўтган даврда 13 нафар тадбиркорга кредит маблағлари ажратилиши, 16 нафарига ўз бизнесини бошлаши учун амалий ёрдам берди. Натижада туманда 70 та янги иш ўрни яратилди.
Туман прокурори ҳудудда фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларини қайта тиклаш мақсадида ҳафтанинг пайшанба кунлари фаолияти тўхтатилган тадбиркорлар билан индивидуал тарзда суҳбатлашмоқда. Бу ҳам ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Жорий йилнинг тўрт ойида 24 та фаолияти тўхтатилган тадбиркорнинг қайта иш бошлаб, 41 та иш ўрни яратгани бунинг исботидир.
Изоҳ (0)