АҚШнинг Вашингтон шаҳридаги Федерал суд марказида ушбу идора директори Жереми Фогель Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Федерал суд маркази вакиллари Адлия вазирини ўзларининг асосий фаолияти билан яқиндан таништирди. Унга кўра, мазкур марказ АҚШ суд ҳокимиятининг илмий-маърифий агентлиги бўлиб, адолатли судлов ва суд органлари мустақиллигини таъминлашни қўллаб-қувватлайди.
Ўз навбатида, Русланбек Давлетов мезбонларни Ўзбекистон Адлия вазирлигининг асосий фаолияти ва сўнгги йилларда эришган ютуқлари билан таништирди. Миллий қонунчиликка киритилган янгиликлар, жумладан, Президентнинг «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон ҳақида уларга сўзлаб берди.
Марказ директори Жереми Фогель икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг устувор йўналишларини белгилаб олишдан манфаатдорлигини билдирди. Томонлар юридик соҳадаги кадрларни тайёрлаш, суд-ҳуқуқ тартиботи соҳасида АҚШ тажрибасини ўрганиш ва ҳуқуқий йўналишдаги бошқа масалаларни муҳокама қилди.
Русланбек Давлетов Адлия вазирлиги ўз ваколатига доир барча соҳалар бўйича очиқ мулоқот ва ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди. Шунингдек, улар бугунги кунда жамият олдида турган ҳуқуқий даъватлар юзасидан фикр алмашди.
Изоҳ (0)