8 май куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонга ташриф буюрган Литва ташқи ишлар вазири Линас Антанас Линкевичиус бошчилигидаги нуфузли делегация билан учрашди, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.
Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, сайёҳлик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
Вазирлар томонидан Литва делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи дастуридан муҳим учрашувлар ва тадбирлар ўрин олганлиги мамнуният билан таъкидланди ва уларнинг самарали натижаларга эришишига қизиқиш билдирилди.
Литва делегацияси таркибида етакчи компаниялар раҳбарлари Тошкентга ташриф буюрганлигини инобатга олган ҳолда, учрашувда савдо, инвестиция, транспорт ва логистика соҳаларида ўзаро манфаатли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
2017 йилда 264 миллион АҚШ долларидан ошган ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг динамик ўсиш тенденцияси кузатилиётганлигига қарамасдан томонлар ушбу муҳим йўналишда ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан салоҳиятга эга эканлиги таъкидланди.
Учрашувда баъзи халқаро ва минтақавий масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Музокараларда Литва элчиси Ремигиюс Мотузас иштирок этди.
Изоҳ (0)