Отабек Назиров Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари сифатида иш бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
У монетар сиёсат, банк тизими, бюджет сиёсати, солиқ тизими, ижтимоий хизматлар, пенсия таъминоти, қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш, шунингдек, демография ва аҳоли бандлигини тадқиқ этиш бўйича инновацион ечимларни ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ қилиш масалалари билан шуғулланади.
Отабек Назиров бунга қадар Лондонда, Европа тикланиш ва тараққиёт банкида саноат секторига инвестицияларни киритиш бўлимининг бош ҳудудий банкири лавозимида ишлаб келаётганди. Саноат, кўчмас мулк, фармацевтика саноати, кимё, қурилиш материаллари ва халқ истеъмоли моллари каби иқтисодиётнинг турли соҳаларига инвестициялар киритиш бўйича 50 дан зиёд лойиҳаларни ишлаб чиққан ва молиялаштирган.
Ўзбекистон, Қозоғистон, Мўғулистон, Беларусь, Тожикистон ва Туркманистон бўйича лойиҳаларни бошқарган ва мувофиқлаштирган.
Маълумот учун, Отабек Назиров 1975 йили Тошкентда туғилган. АҚШнинг Стоун-Брук университетида макроиқтисодиётчи мутахассислигини эгаллаган. АҚШнинг Goldman Sachs, The Avacent Group, JP Morgan Chase, Россиянинг «Тройка Диалог» ва «МДМ-банк» каби молиявий муассасаларида фаолият юритган.
Изоҳ (0)