Тошкент шаҳрида автомобиль сотиб олишни истаган 100 нафар фуқарони чув туширган сохта тадбиркорлар жиноий гуруҳи қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот мультимедиа марказига асосланиб, «Darakchi.uz» хабар берди.
Маълумотларга кўра, 6 ой давомида фаолият юритган «Jasmin biznes», Invest lizing ва Praym avto lizing МЧЖлар аслида мижозларга автомашина етказиб бериш бўйича GM Uzbekistan ОАЖ билан ҳеч қандай шартномага эга бўлмаган. Пухта ўйланган режа асосида фаолият олиб борган лизинг компанияси директори Акмал Тўлаганов ҳеч қандай ҳужжатларга қўл қўймаслик мақсадида ёш қизларни ишга олиб, улардан ўзининг ғаразли режаси йўлида фойдаланган.
Сохта лизингчилар кўсатилган муддатда ўз машинасини талаб қилиб келган айрим мижозларга бошқа фирмалардан ижарага олинган автомобилларни бериб, уларни вақтинчалик тинчлантириб туришган.
«Дастлабки тергов жараёнида аниқланишича, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари томонидан фуқаролардан лизинг шартномалар асосида қабул қилинган комиссион тўловлар, шунингдек, фирманинг банкдаги ҳисоб рақамига туширилган пуллар турли йўллар билан ўзлаштириб, фуқароларга жами 2 миллиард 21 миллион сўмлик моддий зарар етказилгани аниқланган», — дейди Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси терговчиси Ўткир Чиналиев.
Уюшган жинойин гуруҳнинг 3 нафар аъзоси ҳибсга олинган. Ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)