Қозоғистоннинг Остона шаҳридаги «Корме» кўргазмалар марказида 25 апрель куни «III Евросиё халқаро китоб кўргазма ярмаркаси»нинг тантанали очилиш маросими бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Қозоғистонда 2018 йил Ўзбекистон йили, деб эълон қилингани муносабати билан кўргазмада Ўзбекистон павильонига алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, мазкур павильонда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги «Ўзбекистон», «Ўқитувчи», Ғафур Ғулом, Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари, «Ўзбекистон Миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, «Янги аср авлоди» нашриёт-матбаа маркази, «Ҳилол нашр» нашриёт-матбаа корхоналарининг беш юздан ортиқ номдаги мингга яқин ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, илмий-оммабоп, болалар адабиёти ва бадиий асарлари намойиш этилмоқда.
Ўзбекистон мазкур кўргазмада фахрий меҳмон сифатида иштирок этаётгани учун унинг доирасида «Ўзбекистон» павильонининг ҳам очилиш маросими ўтказилди. Унда Қозоғистон давлат котиби Гулшара Абдикаликова, Остона шаҳри ҳокими Асет Исекешев Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси Саидикром Ниёзхўжаев иштирок этиб, мамлакатларнинг азалий дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган ҳамкорлиги янги босқичда изчил давом этаётганини алоҳида қайд этди.
Тадбирда Қозоғистондаги ўзбек миллий маданий маркази жамоаси томонидан тайёрланган маданий дастур меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.
60 квадрат метрдан иборат «Ўзбекистон» павильони мамлакат тарихи ва бугунини ўзида акс эттирган. Икки қардош халқнинг буюк алломалари — Навоий ва Абай сиймоси халқаро кўргазмага алоҳида мазмун бағишлаган.
Халқаро ярмарка 28 апрелга қадар давом этади.
Изоҳ (0)