Сирдарё вилояти Гулистон туманида 30 ўринли юқумли касалликлар бўлими ҳамда 200 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника бинолари янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди, деб хабар берди ЎзА.
Бу ерда «Меҳр нури – Гулнора» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 5 миллиард 200 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди.
Энг замонавий лойиҳа ва дизайн асосида барпо этилган ҳар икки шифо маскани хорижда ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган замонавий тиббий асбоб-ускуналар, юмшоқ ва қаттиқ мебел, дори-дармон ва бошқа зарур инвентарлар билан жиҳозланди.
Шифохона ва поликлиникада индивидуал кўмир билан иситишга мўлжалланган бешта универсал мослама ўрнатилган. Тоза ичимлик сув таъминоти, канализация тармоғи бенуқсон ишлаб турибди. Лаборатория 30 ўринли ошхона, замонавий кир ювиш хонаси беморларга қулайлик яратмоқда.
Изоҳ (0)