Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, «Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси» ҳамкорлигида ўтказилаётган «Ёш ватандошлар» халқаро фестивали доирасида пойтахтда бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Дунёнинг турли мамлакатларида истиқомат қилувчи ўзбекистонлик ёшларни бир жойга жамлаб, мамлакатда бўлаётган ўзгариш ва янгиликлар билан таништириш, уларнинг ўзаро фикр алмашиши учун кенг имконият яратадиган мазкур фестиваль иштирокчилари пойтахтнинг диққатга сазовор жойларида бўлди.
Темурийлар тарихи давлат музейи, Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуаси, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи каби масканларда бўлган ёшларнинг таассуротлари ўзгача.
Ёшлар ижод саройида экокўргазма ташкил этилди. Унда пойтахтдаги умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари ҳам қатнашди. Унда она табиатни асраш, экологик муҳитни барқарор сақлашга оид суратлар намойиш этилди.
Шунингдек, «Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси: тараққиёт истиқболлари» мавзусида давра суҳбати ва фестиваль иштирокчилари томонидан Ёшлар иттифоқи аъзолари учун маҳорат дарслари ташкил этилди.
Унда АҚШ, Россия, Япония, Туркия, Покистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой, Финляндия, Швейцария, Испания, Франция, Италия, Германия каби мамлакатларда яшаётган, таҳсил олаётган йигит-қизлар иштирок этди.
Фестиваль доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Изоҳ (0)