Ўзбекистонда таълим муассасаларида ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш имконияти кўриб чиқилмоқда, деб ёзади «Nuz.uz». Бу Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган 2018—2022 йилларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясида кўзда тутилган.
Унга мувофиқ, келаси йилнинг биринчи чорагида барча умумтаълим мактабларида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги» мажбурий фани киритилади.
Шунингдек, йил давомида таълим муассасаларида 18 ёшга тўлган ва ўқиб, имтиҳон топширган шахсларга «А» ва «B» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш имконияти кўриб чиқилади. Бунинг учун ҳар битта туманда болаларга йўл ҳаракати қоидаларини амалий тарзда ўргатиш учун махсус жиҳозланган автошаҳарчаларни ташкил қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, болаларга велосипед ҳайдаш малакалари ва йўлни кесиб ўтиш қоидалари ўргатилади.
Йил давомида мамлакатдаги педагогика олий таълим муассасаларида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги» фани ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича факультет ва кафедраларни ташкил қилиш кўзда тутилмоқда.
Изоҳ (0)