Хитой марказий телевидениеси Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан Пекинда бўлиб ўтган учрашувидан видеолавҳалар намойиш қилди, деб ёзади «РИА Новости».
Кутиб олиш маросими ва музокаралар Пекиндаги Халқ йиғинлари саройида бўлиб ўтди.
Таъкидланишича, Си Цзиньпин музокаралар чоғида бир неча марта жилмайгани видеокадрларга тушиб қолган. Ким Чен Ин эса диққат-эътиборли ва жиддий кўринишда бўлган.
Ким Чен Ин ва Си Цзиньпин музокаралар доирасида халқаро кун тартибидаги масалаларни, Корея ярим оролидаги вазиятни ва икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилди.
Музокаралардан сўнг Хитой етакчиси ва унинг рафиқаси чет эллик меҳмонлар учун зиёфат уюштирди, унда Си Цзиньпин ва Ким Чен Ин нутқ сўзлади.
КХДР етакчиси рафиқаси билан ташриф чоғида Хитой фанлар академиясининг инновациялар кўргазмасига ҳам борди, у ерда Шимолий Корея етакчиси махсус китобда эсдалик қайдини қолдирди.
Эслатиб ўтамиз, 26 март, душанба куни Япония ОАВлари КХДРнинг номи ошкор этилмаган вакили Хитой пойтахтига ташриф буюрганлигини маълум қилган эди. Шу куннинг ўзида Bloomberg агентлиги бу сафар Хитойга айнан КХДР етакчиси Ким Чен Ин ташриф буюрганлиги ҳақида хабар берди.
Изоҳ (0)